Тошкентда фирибгарликнинг янги тури пайдо бўлди
3-саҳифа
−
17 Октябрь
21799Фирибгарлар томонидан Telegram орқали юқори лавозимларда ишловчи вазирлик, идора ва турли хил ташкилот раҳбар ҳамда масъул ходимлари номидан сохта профиллар яратилиб, қўл остидаги ходимларни алдаш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, фирибгарлар корхона ёки ташкилот раҳбари номидан Telegram’да сохта аккаунт очиб, қўл остидаги ишчилардан бирига SMS ёзган. Мулоқот давомида ходим билан гўёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қизиқаётгани ва ундан (раҳбардан) баъзи маълумотларни сўрашганини айтган. Бир оздан сўнг унга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими алоқага чиқишини маълум қилган.
Фирибгарнинг, яъни “ўз раҳбарини” гапларига ишонган ходим бир неча дақиқадан сўнг у билан алоқага чиққан шахсга (гўёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили) сўраган барча маълумотларини бериб юборган.
Хабарга кўра, бунинг оқибатида ишчи-хизматчилар пластик карталаридаги маблағларидан айрилиб қолмоқда.
“Огоҳ бўлинг, шу турдаги келган SMS ёки бошқа хабарларни қабул қилиш ва ишонишдан олдин телефон орқали қўнғироқ қилиб ёки шахсан хабар юборган шахсга алоқага чиқиб хабарни қайта текшириб кўринг! Ҳурматли фуқаролар, агар сиз шу каби ҳолатларга дуч келган бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-55-00 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳри аҳолиси орасида фирибгарликнинг бошқача туридан жабрланаётганлар кўпайгани аниқланганди. Фирибгарликнинг бу усулида жабрланувчининг яшаш манзилидаги уй телефонига номаълум шахс қўнғироқ қилиб, бақириб йиғлаган овозда “Она мен ЙТҲга учрадим, “авария” менинг айбим билан содир бўлди. Жабрланувчи оғир аҳволда, уни зудлик билан операция қилиш керак. Мени қамаб қўйишмоқчи”, деб ваҳима билан гапиради. Сўнгра гўшакни бошқа номаълум шахс олиб, гўёки ўзини “терговчи” деб таништиради ва яқин қариндоши яъни фарзанди ёки набираси ЙТҲ сабабчиси бўлганини, ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ва қамоққа олиш чоралари кўрилаётганини айтиб қўрқитади. Буни эшитган жабрланувчи саросимага тушади ва жиноят ишини қўзғатмаслик ва ҳаммасини осон йўл билан ҳал қилиш таклифини беради, яъни фирибгарлар “ЙТҲга учраган жабрланувчи” билан келишиш учун пул бериш кераклигини айтиб, жабрланувчини чув туширади.
LiveБарчаси