Тошкентда давлат ишхоналари ходимларига миллий либосларда юриш тавсия этилди

Жамият

image

Миллий либослар ва миллийлик тарғиботини ўз ичига олган “Миллий Тошкент” лойиҳаси амалга оширилади.  Бу ҳақда 21 январь куни Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг “Тошкент шаҳрида миллийликни кенг тарғиб қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради

Қарорга кўра, шаҳардаги давлат ишхоналари ходимларига миллий либосларда юриш тавсия этилди. Тошкент шаҳрида миллийликни кенг тарғиб қилиш бўйича Тошкент шаҳар ишчи гуруҳи тузилди. Шаҳарда миллийликни кенг тарғиб қилишга қаратилган “Миллий Тошкент” лойиҳаси асосида амалга ошириладиган ишлар юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Шаҳар ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • миллий либослар ва миллийликни оммалаштиришга оид тарғибот материалларини ишлаб чиқиш;

  • корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни ташкил этиш;

  • оммавий тадбирлар даврида миллий либослар ва миллийликнинг мавқеини мустаҳкамланишини таъминлаш;

  • миллий либослар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш;

  • мавзуга оид ўқув-семинарлари, танловлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;

  • қарорнинг бажарилиши юзасидан доимий назоратни амалга ошириш.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилотлар, туман ҳокимликлари:

  • мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда тарғибот - миллий либослар ва миллийликнинг ижобий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган маърифий, маданий, ахборот ва реклама тадбирларини амалга ошириш;

  • миллий либосларда юришни, миллийликни тарғиб қилишни ва миллий маданиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ва маънавий рағбатлантириш чораларни кўриши;

  • давлат ва жамоат ташкилотлари ёки хусусий секторлар томонидан ўтказиладиган маданий, спорт, маърифий ҳамда бошқа турдаги тадбирларга аҳолининг кенг қатламларини жалб қилиши белгиланди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Султоновага, Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар бўлими ва ҳокимлик матбуот хизматига:

  • Ўзбек халқининг миллий қадриятларини тарғиб қилиш мақсадида телеканаллар, радиостанциялар, газета ва журналларда, ижтимоий тармоқларда махсус кўрсатувлар, эшиттиришлар, мақолалар ва бошқа материаллар тайёрлаб, оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб бориш;

  • миллийликни тарғиб қилиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан эълон қилинган "Миллий либосларимиз барчага ярашади" шиори остидаги "Миллий тренд челленжи" бўйича тарғибот ишлари олиб бориш;

  • Тошкент шаҳар ҳокимлиги, бошқарма ва муассасалар ўртасида “Миллийликнинг энг яхши тарғиботчиси” танловини ташкил этиш;

  • бошқарма, муассаса ва ташкилотларнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида миллий либослар ҳамда миллийликни тарғиб қилувчи, фойдали маълумотлар, фотосуратлар, видеолар ва бошқа материалларни жойлаштириб бориш;

  • таълим муассасаларида миллий либослар тарихи, миллий ҳунармандчилик, ўзбек халқининг маданияти ва санъати бўйича маърузалар, семинар-тренинглар, кўргазмалар ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиб борилишини таъминлаш топширилди.

Шунингдек, “Миллий Тошкент” лойиҳаси доирасида:

  • Тошкент шаҳар йўловчи ташиш транспортлари ҳамда транспорт карталарини миллийлик орнаментлари билан безатилади;

  • Тошкент шаҳрида мавжуд умумтаълим мактабларининг ҳар бирида намуна сифатида биттадан “Миллий ўзбек синфи” ташкил этилади;

  • Савдо марказлари, бозорлар, истироҳат боғлари, музейлар, кино ва театр биноларининг фасад ҳамда ички қисмини миллийлик руҳида безатилади;

  • “Тошкентда миллийлик трендда” шиори остида қисқа метражли ижтимоий роликлар, блог ҳамда флешмоблар танлови эълон қилинади.

Моҳимбегим Маъруфалиева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Тошкент миллий либос

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг