Тошкентда автобус бекатларидаги дўконлар олиб ташланади
Жамият
−
04 Март 3615 2 дақиқа
Тошкент шаҳридаги автобус бекатларида энди савдо дўконлари бўлмайди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бир муддат олдин Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари шаҳардаги энг тирбанд 472 километр автомобиль йўлини аниқлаган ва устувор йўналишларда ишлар бошлаган. Биринчи босқичда 100 километр ҳудуд қамраб олиниб, 360 дан ортиқ бекат ҳамда 190 та катта-кичик чорраҳа ўрганиб чиқилган.
Аудит натижаларига кўра, жамоат транспорти йўналишидаги бекатлар ҳудудида 110 та савдо объекти жойлашгани аниқланган. Шундан 61 таси бекат мажмуасига эгалик қилиш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган. Ушбу ҳолатлар бўйича ҳуқуқий баҳо берилиб, тегишли чоралар кўрилиши қайд этилган.
Шаҳар ҳокимлигининг қарорига мувофиқ, барча бекатлар босқичма-босқич янгиланади. Рухсат берувчи ҳужжатларга эга тадбиркорларга эса савдо нуқталарини бошқа жойга кўчириш учун ҳудуд ажратиш ва компенсация тўлаш механизми жорий этилади.
Ҳокимликка кўра, замонавий жаҳон амалиётида ҳам жамоат транспорти бекатларида савдо объектлари жойлаштирилмайди. Бекатлар йўловчилар транспортни эркин ва хавфсиз кутиши, платформалар кенг ва қулай бўлиши, тирбандлик пайтида уларни кенгайтириш имконияти яратилиши ҳамда инклюзив муҳит таъминланиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати ҳолатини яхшилашга қаратилган “Долзарб 90 кунлик” эълон қилинганди.
Live
Барчаси