Тошкентда автобус ҳайдовчиси карантиндан чиққан фуқароларни йўлда ташлаб кетди

Жамият

image

Тошкент вилоятида карантин муддатини ўтаб уйига жавоб берилган фуқароларни манзилига етказиш автобуслар юборилган. Аммо автобуслардан бири бир қанча фуқарони манзилига етказмаган ва натижада улар йўлда қолиб кетган. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ мазкур ҳолат бўйича расмий маълумот берди. 

Унга кўра, кеча, 10 апрель куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган карантин ўташ махсус ҳудудида бўлган фуқароларга уйларига қайтиш учун рухсат берилган. 

Уларни манзилларига етказиш учун эса “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан жами 11 та MAN русумли туристик автобуслар ажратилган бўлиб, шундан 6 таси вилоятларга кетувчи фуқароларни белгиланган манзилларга етказиш учун бириктирилган. 5 та автобус эса, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқароларни манзилларига етказиб қўйиши белгиланган.

Барча автобуслар фуқароларни белгиланган манзилларга эсон-омон етказган. Фақат пойтахтнинг Жанубий вокзал, 16-шаҳар шифохонаси, Чилонзор метроси, Фарход бозори, Олмазор, Себзор йўналишлари бўйича кетаётган автобус сўнгги йуловчиларини ўзаро тушунмовчилик сабаб  манзилларига етказмаган.

Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, юзага келган мазкур вазият жамият мутасаддилари томонидан ўрганилди.

Давлат рақами 01 966 LGA бўлган MAN русумли туристик автобус ҳайдовчиси М. Х. тушунтиришича, ҳақиқатан ҳам 3 нафар фуқарони ўз манзилига (Алгоритм мавзеси) етказмасдан, Фарход бозори атрофида тушириб қолдирган. Натижада ушбу фуқаролар йўлда қолиб кетишган. 

“Ҳайдовчининг ушбу хатоси сабаб унга нисбатан маъмурий жавобгарлик жазоси қўлланилди. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ юзага келган ноқулайлик учун узр сўрайди”, дейилади хабар сўнгида.


Мақола муаллифи

Теглар

карантин

Баҳолаганлар

1240

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг