Тошкентда алкоголь ичиб жанжал кўтарган эркак қамалди
3-саҳифа
−
23 Февраль 1035 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида алкоголли ичимлик истеъмол қилиб, жамоат тартибини бузган эркак 10 суткага қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатда келтирилишича, 35 ёшли эркак М.Қ. илгари жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилганлик учун маъмурий жазо қўлланилган бўлса-да, бундан ўзига ижобий хулоса чиқармасдан, жорий йил 20 февраль куни соат тахминан 10:00 да Миробод тумани Ойбек МФЙ Ойбек кўчасида алкоголли ичимлик истеъмол қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ушбу ҳудудда бўлган фуқароларнинг осойишталигини бузган ва ҳақоратлаб, бақир-чақир қилган.
Бундан ташқари, у ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқбузарлик хатти-ҳаракатини тўхтатиш ва ИИБ биносига бориш тўғрисидаги қонуний талабларини бажармаган. Шунингдек, у тиғли совуқ қуролни қонунга хилоф равишда олиб юргани аниқланган.
Жорий йилнинг 20 февраль куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. Судда ҳуқуқбузар М.Қ. айбига иқрор бўлган ва ўз кўрсатмасида иш ҳужжатларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этгани, ҳуқуқбузарлигидан пушаймонлиги ҳақида баён қилиб, қонуний енгиллик беришни сўраган.
У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 185-3-моддаси (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши), 187-моддаси (жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш) 2-қисми ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга узил-кесил 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (2 млн 60 минг) сўм жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй йўлагида пичоқ билан юрган эркак қамалган эди.
Live
Барчаси