Тошкентда 83 кишини қарийб 1 млрд сўмга “ухлатган” гуруҳ фош этилди
3-саҳифа
−
19:36 341 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида профессионал трейдернинг номи ва суратдан фойдаланиб, фуқароларга пулларини кўпайтириб беришни ваъда қилган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди. Гуруҳ аъзолари 83 нафар фуқародан 986,7 миллион сўмга яқин пулни ўзлаштирган. Бу ҳақда Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, жиноятчилар 2023 йилнинг 3 январидан 10 августига қадар Telegram мессенжерида трейдер Рухшона Анваржонова номидан сохта аккаунтлар очган. Унинг шахсий маълумотларидан фойдаланиб, пулни кўпайтириб бериш ҳақидаги ёлғон эълонларни жойлаштирган. Фуқаролар эса ваъда қилинган хизматга ишониб, пулларини гуруҳ аъзоларига тегишли банк карталарига ўтказган. Кейинчалик маблағлар нақдлаштирилиб, иштирокчилар ўртасида тақсимланган.
Дастлабки тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида гуруҳ жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Миробод туманларида яширин офислар ташкил этгани аниқланган. Шунингдек, жиноят изларини яшириш мақсадида 24 июлдан 24 августгача Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида туриб ҳам фаолият юритган.
Фирибгарликда Telegram ва Instagram ижтимоий тармоқларидаги “Official Ruhshona”, “Ruhshona Forex”, “RST Trading 1”, “Ruhshona Invest 1”, “Ruhshona FX”, “Sarvarjon Po‘latovich” каби сохта аккаунтлардан фойдаланилган.
Юнусобод ва Миробод туманларидаги офисларда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гуруҳ аъзолари қўлга олинган. Улардан 2 та компьютер, 18 та банк пластик картаси ва 16 та телефон ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 141-2-моддаси (шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари ҳамда 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а”, “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. 10 нафар айбланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Бундан ташқари, жиноий даромадлар ҳисобига олингани айтилган Malibu-2, Onix ва Equinox русумли автомобиллар жарима майдончасига жойлаштирилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Telegram фойдаланувчиларига зарарли APK-файллари ва фишинг ҳаволаларини юбориб, уларнинг шахсий ҳамда банк маълумотларини қўлга киритган икки нафар шахс аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси