Тошкентда 40 йилда илк бор янги газ қувурини қуриш бошланди

Жамият

image

Тошкентда узунлиги қарийб 8 километр ва диаметри 1020 мм бўлган газ қувурининг қурилиш-монтаж ишлари  бошлаб юборилди. Бу ҳақда "Hududgazta'minot" АЖ Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, пойтахт газ тақсимлаш тизимида бу каби қурилиш сўнгги 40 йилда илк бор амалга оширилаётган бўлиб, уни фойдаланишга топширилиши газ таъминотини тубдан яхшилайди.

“Бугунги кунда пойтахтимизда 671 мингдан зиёд жисмоний ва 13 мингга яқин улгуржи истеъмолчилар мавжуд бўлиб, уларга жорий йилда, 4 миллиард метр кубдан зиёд табиий газ етказиб берилди, бу ўтган 2019 йилга нисбатан 10 фоизга кўпдир”, дейилади компания хабарида.

“Зангори ёқилғи” истеъмоли ҳажмининг ортиши, биринчи навбатда пойтахт инфратузилмаси жадаллик билан ривожланиб, янги турар-жой массивлар қурилиши, янгидан-янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилаётгани билан боғлиқдир. Бу ўз навбатида, мавжуд газ тақсимлаш тизими инфратузилмасининг кенгайтирилишини талаб этади. 

Ҳозирда, Сергели туманида "Hududgazta'minot" АЖнинг қурилиш бўйича махсус штаби ташкил этилган. Қурилиш майдончасига 2506 метр қувурлар етказиб берилиб, шундан 655 метрини ўрнатиш ишлари якунланди. Қурилиш ишларига 30 дан ортиқ мутахассис ва 10 дан ортиқ махсус техникалар жалб қилинган.

Таъкидланишича, мазкур қурилиш лойиҳаси 2021 йил январь ойининг охирига қадар якунланиши режалаштирилган. Унинг фойдаланишга топширилиши пойтахт ягона газ тармоғи ҳалқасини яратиш ва бунинг натижасида истеъмолчиларга барқарор табиий газ етказиб беришни таъминлайди. Хусусан, Чилонзор, Учтепа, Яккасарой, Миробод ва Шайхонтоҳур туманларининг табиий газ таъминотини тубдан яхшилаш имконини беради.


Мақола муаллифи

Теглар

газ

Баҳолаганлар

139

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг