Пичоқни кўзига санчган. Ваҳший қотиллик сирлари очилди
3-саҳифа
−
15 Ноябрь
21676Тошкент шаҳрида 3 яшар болани ўлдиришда гумонланиб, ушланган С.М.га оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бугун, 15 ноябрь куни соат 14:30 да жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида бошланди. QALAMPIR.UZ мазкур жиноят иши бўйича айблов хулосаси билан танишди.
Ҳужжатда қайд этилишича, судланувчи С.М. муқаддам кучли таъсир қилувчи моддаларни олиш, сақлаш, ташиш ва ўтказиш жиноятларини содир этганлиги учун суд ҳукми билан тайинланган жазони ўтаб чиққанлигидан ўзига тўғри хулоса чиқариб, даволаниш, тузалиш йўлига кирмасдан, носоғлом ҳаёт кечиришни давом эттириб, сурункали равишда таркибида кучли таъсир қилувчи ва гиёҳванд моддаларни жамловчи воситаларни истеъмол қилиб келган.
У жорий йилнинг 9 июль куни соат 02:57 да кучли мастлик ва эйфория ҳолатига келиш учун таркибида кучли таъсир қилувчи “прегабалин” моддаси мавжуд бўлган “Regapen 300 mg” номли, таркибида “тропикамид” моддаси мавжуд бўлган “Tropicamide 10 ml” номли дори воситалари ва таркибида “4-метилметкатион” мавжуд бўлган “Мефедрон” гиёҳвандлик моддасини комбинация (аралаштириш) усулида истеъмол қилиб, уларнинг таъсирида ўзи истаганидек жуда кучли қўшма мастлик ва эйфория даражасига келган.
Шунда судланувчи Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги хонадонлардан бирида яшовчи шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғи Н.Н.нинг 2021 йилда туғилган вояга етмаган гўдак фарзанди С.С. унинг эркалашларини инкор қилиб, аксинча онасининг бағрига интилиб, унинг ёнида бўлишга ҳаракат қилганлигини рашк қилиб, уни қасддан ўлдириш мақсадида, хонадонда сақланиб келинган ўзига тегишли “капалак” йиғма пичоғи билан қуролланиб, боланинг онаси хонадоннинг айвон қисмида эканидан фойдаланиб, гўдакнинг танасини устига чиқиб, уни қасддан ўлдириш мақсадида, ваҳшиёна ва ғайриинсоний усулда, қўлидаги “капалак” йиғма пичоғининг ўткир тиғли санчувчи қисми билан норасидани унинг онаси кўз ўнгида ҳаёти учун муҳим бўлган аъзолари, яъни чап кўзи, чап қоши, қовоқ, лунж, чакка, бурун ва ўнг пешона соҳаларига бир неча маротаба санчиб, кўз косаси тубини тешиб ўтиб, бош мия ярим шарини жароҳатлаган ҳолда ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдирган.
“Суд-тиббий экспертизанинг 03.08.2024 йилдаги “162”-сонли хулосасига кўра, С.С.нинг мурдаси тиббий текширувдан ўтказилганида унинг ўлими “чап кўз олмаси санчиб кесиб, кўз косаси тубини тешиб ўтиб, бош мия чап ярим шарининг жароҳатланиши” натижасида юз берганлиги ҳамда унда кўрик вақтида “бошнинг чап чакка, пешона ўнг ва чап томони, ўнг кўз пасти, чап қош, чап кўз олмаси, чап ёноқ, чап кўз пастки қовоғи, чап лунж, бурун чап қаноти, ўнг қўл кафт 3 бармоғи, чап қўл кафт 3-4 бармоқлари асоси, ўнг ўмров соҳа кўплаб кесилган ва санчиб кесилган жароҳатлари чап кўз соҳаси тубини тешиб ўтиб бош мия чап ярим шарини жароҳатланиши, ўнг қўл 1-бармоғи, чап елка камари, ўнг ва чап тиззалар, бошнинг ўнг томони энса соҳаси қонталашлари, травматик шок, ташқи қон кетиши” жароҳатлари аниқланган”, дейилади айблов хулосасида.
Шунингдек, Н.Н. судланувчининг фарзандини ўлдиришга қаратилган ҳаракатларига барҳам беришга уринганида, С.М. турмуш ўртоғи айнан ўзидан 7 ойлик ҳомиладор эканлигини аниқ ва олдиндан билгани ҳолда унга нисбатан жисмоний куч, яъни зўрлик ишлатиб, фаол қаршилик кўрсатиб, уни ҳам қасддан ўлдириш мақсадида қўлида бўлган “капалак” йиғма пичоғи билан Н.Н.нинг ҳаёти учун муҳим бўлган бош қисми ва қўлларининг турли қисмларига бир неча марта тан жароҳатлари етказган. Аёл эса жон ҳолатда ҳаракат қилиб, унинг тажовузидан қочиб, кўчага чиққан ва қўшниларни ёрдамга чақириб бақирган. Судланувчи қўлидаги пичоқ билан хотинининг ортидан чопиб чиққанида, аёлнинг бақириғини эшитиб қўни-қўшнилар тўпланаётганлигини кўриб, Н.Н.ни қасддан ўлдиришга қаратилган ҳаракатларини тўхтатишга мажбур бўлган ва ҳодиса жойидан қочиб кетган.
Ёрдамга келган қўшнилар ёрдамида Н.Н. шифохонага олиб борилиб, унга ўз вақтида, малакали тиббий ёрдам кўрсатилганлиги натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
“Суд-тиббий экспертизасининг 22.07.2024 йилдаги 4714-Ҳ-Раж-сонли хулосасида Н.Н.нинг танасида “чап қўл 1-бармоқ, чап билак, ўнг билак-кафт бўғими, ўнг қўл 1-кафт суяги сатҳи ва бошнинг энса соҳалари санчилган-кесилган яралари, иккала қўл ва кафт ва бармоқ соҳалари кўплаб санчилган-кесилган яралари, ўнг елка, чап билак ва ўнг болдир соҳалари қонталашлари ва шилинмалари” каби тан жароҳатлари аниқланганлиги, ушбу тан жароҳатлари оғирлик даражасига бўйича “Соғлиқни қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил” тан жароҳатлари тоифасига кириши кўрсатилган”, дейилади айблов хулосасида.
Бундан ташқари, судланувчи ва тергов давомида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлган ҳолда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар ҳисобланмайдиган таркибида “прегабалин” номли кучли таъсир қилувчи модда бўлган бир дона “Regapen 300 mg” ҳамда таркибида “тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи модда бўлган икки дона елим флаконларда мавжуд “Tropicamide 10 ml” дори воситаларини ўтказиш мақсадида Яшнобод туманидаги хонадонлардан бирида қонунга хилоф равишда сақлаб келгани аниқланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь