Тошкентда 3 та машина тўқнашди. Ҳайдовчилардан бири жароҳатланди
3-саҳифа
−
08 Май 5104 1 дақиқа
Кеча, 7 май куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида Malibu-2, Monza ва Onix русумли автомашиналар тўқнашиб кетди. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 13:30 ларда Чилонзор туманининг Бунёдкор кўчасида бир йўналишда ҳаракатланаётган Malibu-2, Monza ва Onix русумли автомашиналари тўқнашиши оқибатида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган.
ЙТҲдан сўнг Onix ҳайдовчиси воқеа жойини ташлаб кетган. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 134-моддаси (ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши) ва 137-моддаси (йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва автомашиналар вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. ЙТҲ оқибатида Malibu-2 автомашина ҳайдовчисига шифокорлар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 май куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида Lacetti машинаси 12 ёшли пиёдани уриб юборган эди.