Тошкентда 2 та уй ёнди. Ўт ўчирувчиларнинг суви музлаб қолгани ростми? (видео)
3-саҳифа
−
15 Январь 2023
17186Ижтимоий тармоқларда ёнаётган уйни ўчириш учун келган ўт ўчириш машиналарида сув музлаб қолгани, уй эса 12 соат ёнгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот берди.
Жорий йилнинг 13 январь куни соат тунги 00:23 да Тошкент вилояти Зангиота тумани “Бешқўрғон” маҳалласида бир-бирига туташ бўлган хонадонларда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида туман ФВ бўлимига хабар келиб тушган.
Шунга кўра 5 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 01:03 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 02:34 да қуршаб олинган. Соат 05:05 да ёнғин бартараф этилган. Ёнғин 4 соат 2 дақиқада ўчирилган.
“Ёнғин 12 соатда ўчирилган деган хабар ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейилади хабарда.
Ёнғин оқибатида 2 та уйнинг 200 кв метр майдонда томи, ичи ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Ёнғиндан уйларнинг 450 кв метр (200 кв метр ва 250 кв метр) майдони сақлаб қолинган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
“Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, ёнғин ўчириш қисмидан ёнғин содир бўлган манзилгача масофа тахминан 26 километрни ташкил этади. Ёнғин-ўчириш автомобиллари доим ҳар қандай вазиятда жанговар шай ҳолатда туради”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилояти Косон тумани Халқ таълими бўлимига қарашли қўшимча бинода ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.