Тошкентда 2 400 мегаваттли 4 та йирик қуёш станцияси қурилади
Жамият
−
18 Март 2023
4306Пойтахт Тошкент эҳтиёжини таъминлаш учун қуввати 2 400 мегаваттли 4 та йирик қуёш станциялари барпо этилади. Бу ҳақда бугун, 18 март куни Президент Шавкат Мирзиёев “Янги Тошкент” лойиҳаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросимидаги нутқида айтиб ўтди.
Давлат раҳбари пойтахтнинг ривожланиш режаларини белгилашда албатта мавжуд ва истиқболли энергетика масалаларини ҳисобга олиш зарурлигини қайд этди.
Таъкидланишича, пойтахтда сўнгги 6 йилда электр энергияси истеъмоли 30 фоизга ошиб, йилига қарийб 8 миллиард киловатт-соатга етди. Сўнгги йилларда пойтахт учун энг долзарб бўлган уй-жой қуриш, маҳаллаларни обод қилиш, янги корхоналар ва иш ўринларини яратиш масалаларига эътибор қаратилди. Лекин пойтахтга электр энергияси Юнусобод орқали ўтган битта юқори кучланишли тармоқ орқали етказиб берилмоқда. Мавжуд подстанциялар маънан ва жисмонан эскирган. Шу боис, энди пойтахт энергетика инфратузилмасини янгилаш устувор вазифа бўлади.
Шу мақсадда Тошкент шаҳри электр таъминоти тизимини тубдан ўзгартириш бўйича катта дастур қабул қилинди.
2 400 мегаваттли 4 та йирик қуёш станциясининг биринчиси – Қибрайда 400 мегаваттли фото-электр станциясини қуриш бошланди. Шунингдек, бугунги тадбирда Юқоричирчиқда 700 мегаваттли, Оҳангарон туманида 1 минг мегаваттли ҳамда Бўкада 300 мегаваттли станциялар лойиҳаларига старт берилади.
Бу лойиҳаларга 2 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялар киритилмоқда. Бу станциялар тўлиқ қувват билан ишлай бошлагандан кейин йилига 6 миллиард киловатт-соат кафолатланган электр ишлаб чиқаради.
Бу станцияларнинг электр энергияси қўшимча 2 миллион аҳоли ва 30 минг корхона талабини таъминлашга етарли бўлади.
Шунингдек, пойтахтда электр энергияси билан барқарор таъминлаш учун янги подстанциялар қурилади ва мавжудлари янгиланади, қўшимча юқори кучланишли тармоқлар қурилади, иссиқлик марказлари реконструкция қилинади, когенерация технологияси жорий қилинади.