Тошкентда ҳоким ёрдамчиси фуқароларга ажратилган имтиёзли кредитни “жиғилдонига урди”
3-саҳифа
−
10:47 1545 1 дақиқа
Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида ҳоким ёрдамчиси фуқароларга ажратилган имтиёзли кредит маблағларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қуйичирчиқ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда маълум бўлишича, “Ойдинобод” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Ш. Г. 4 нафар фуқаронинг ишончига кирган.
У мазкур фуқаролар аслида “Ойдинобод” маҳалласи ҳудудида яшамаслигига қарамай, банкка тақдим этилган тавсияномаларда уларни шу маҳалла аҳолиси сифатида кўрсатган. Натижада фуқароларга жами 130,2 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган.
Бироқ кредит маблағлари белгиланган мақсадларда эмас, ҳоким ёрдамчисининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборилган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Ш. Г. га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида тадбиркорнинг солиқ қарзини камайтириб бериш эвазига пул олган Жиззах шаҳар солиқ инспекцияси бош инспектори қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси