Тошкентда ҳайдовчи ногирон фуқарони босиб кетиб, уни “шантаж”да айблагани айтилмоқда (видео)
3-саҳифа
−
03 Июнь 9504 2 дақиқа
QALAMPIR.UZ’га жорий йилнинг 20 апрель куни Тошкент шаҳридаги Тарас Шевченко кўчасида 1971 йилда туғилган фуқаро А.Г. (аёл) ўзининг бошқарувидаги BYD русумли автомашина бошқарувини йўқотиб, болалигидан ногирон (соқов) фуқаро Т.У.ни босиб кетгани ва бугунги кунда жабрланувчига ёрдам кўрсатмай, уни “шантаж” қилишда айблаётгани бўйича мурожаат келиб тушди.
Қайд этилишича, Т.У.нинг чап оёғи бир неча жойидан синган, мушак пайлари узилиб, кўп миқдорда қон йўқотгани оқибатида шошилинч равишда 1-сонли Республика клиник шифохонаси жонлантириш бўлимига ётқизилган. Орадан роппа-роса бир ой вақт ўтган бўлса-да, соғлиғи тикланмаётган Т.У. Тошкент шаҳридаги турли шифохоналарда даволанишни давом эттиришга мажбур бўлмоқда.
Фуқарони уриб юборган ҳайдовчи дастлаб жабрланувчининг ҳолидан хабар олиб турган бўлса, бугунга келиб, Т.У. машина тагига атайин “ётиб” олганини айта бошлаган.
“Автомашина эгаси А.Г. (аёл) дастлабки кунларда 1-2 маротаба дори-дармондан ёрдам берган бўлса, бугунги кунда моддий ёрдам беришдан умуман бош тортиб, ногирон Т.У. даволанаётган шифохонага келиб, унинг атайин “ётиб” олганлигини важ қилиб, шифокорларга қўрқитиш билан дўқ-пўписа қилиб, уни шифохонадан тезроқ чиқиб кетишини талаб қилмоқда”, дейилади мурожаатда.
Қўшимча қилинишича, бугунги кунда ҳам Т.У.нинг соғлиғида жиддий муаммолар мавжуд бўлиб, шифокорлар келгусида унинг юриб кетиши эҳтимоли кам эканини айтмоқда. Шифохонада даволаниш пулли бўлгани сабабли жабрланувчи Т.У.нинг қариндошлари уни даволаш учун бошқалардан қарз сўрашга мажбур бўлмоқда.
QALALMPIR.UZ вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ахборот мультимедиа маркази бошлиғи Нилуфар Исахонова билан боғланди. Унинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Ҳозирда жиноят иши тугатилиб, ўрнатилган тартибда судга юбориш чоралари кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада танишини атайлаб машинада босиб ўлдирган шахс 8 йил 6 ой муддатга қамалган эди.
Live
Барчаси