Тошкентда ҳайдовчилар йўл ўртасида жанжаллашди
3-саҳифа
−
31 Октябрь
6954Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги автомобиль йўлида икки нафар фуқаро ўзаро жанжаллашгани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ муносабат билдирди.
Билдирилишича, 25 октябрь куни тахминан соат 18:20 ларда Matiz вa Spark русумли автомашина ҳайдовчилари – 1998 йилда туғилган М.Ж. ва 1997 йилда туғилган У.С.лар Сергели тумани, Янги Сергели кўчасида ҳаракатланган вақтида йўл талашган. Сўнг ҳайдовчилар автомашинасидан тушиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан йўлнинг қатнов қисмида жамоат тартибини бузиб ўзаро уришган.
Ҳайдовчилар бу ҳолат юзасидан муқаддам ИИОга мурожаат қилмаган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчиларга нисбатан Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун жиноят ишлари бўйича туман судига тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, 11 август куни Фарғона шаҳар Саноат кўчасида жанжаллашган шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) тартибида жиноят иши қўзғатилиб, 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.