Тошкент вилоятига янги бош имом-хатиб тайинланди. Собиқ вакил коронавирусдан вафот этганди
Жамият
−
30 Ноябрь 2020
9061Тошкент вилоятига янги бош имом-хатиб тайинланди. Бу Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бугун, 30 ноябрь куни Тошкент вилояти имом-хатиблари йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишда ташкилий масала кўрилган. Унга кўра, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Жасур Раупов Тошкент вилояти бош имом-хатиби лавозимига тайинланган.
Йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва вилоят туман-шаҳар бош имомлари ҳамда уламолар қатнашган.
“Сўзга чиққанлар томонидан якунига етиб бораётган 2020 йилда вилоят миқёсида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Жумладан, масжидлар ва имом-хатиблар фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди. Шунингдек, 2020 йилда диний-маърифий фаолиятни янада такомиллаштириш борасида амалга ошириладиган ишлар ва истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди”, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, Жасур Раупов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Андижон давлат университетини тамомлаган. 1999 йилдан шу кунга қадар пойтахтимиздаги бир неча масжидларда имом-хатиб вазифаларида ишлаган. Шу билан биргаликда 2010 йилдан буён Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилдан Тошкент вилояти бош имом-хатиби ҳамда Зангиота тумани, “Зангиота” жоме масжиди имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган Хайруллоҳ домла Турматов жорий йилнинг 16 сентябрь куни 44 ёшида вафот этган эди. Унинг ўлимига коронавирус сабаб бўлгани айтилган.