Тошкент вилоятида вазирлик ходимаси пора билан ушланди
3-саҳифа
−
06 Май 11122 2 дақиқа
Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида рухсатнома олиш ва нафақа тайинлаш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Тошкент вилоятида қайд этилган ҳолатда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими методисти хусусий оилавий боғча ташкил қилмоқчи бўлган фуқародан хонадоннинг санитария талабларига мослиги бўйича рухсатнома тайёрлатиб бериш эвазига 1,5 млн сўм ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги юзасидан ижобий хулоса олиб бериш учун 200 АҚШ доллари талаб қилган. У сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, методистдан 200 АҚШ долларини олган вақтида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими катта инспекторининг ҳам ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманида яшовчи, 1970 йилда туғилган аёл Кегейли туманида истиқомат қилувчи, 1969 йилда туғилган фуқарога ёшга доир нафақа тайинланишида унинг иш стажини кўпайтириб бериш эвазига 7 млн сўм олган вақтида ушланган.
Аниқланишича, аёл бу ишни Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида масъул лавозимда фаолият юритувчи ўғли орқали амалга оширишни режалаштирган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилоятида ИИБ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кичик инспектори ички ишлар органларига ишга киритиб қўйиш эвазига пора талаб қилганди.
Live
Барчаси