Тошкент вилоятида 6 та корхона ифлос сувни очиқ жойга оқизгани аниқланди

3-саҳифа

−

image

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида фаолият юритаётган 6 та корхона оқова сувларни етарли даражада тозаламасдан очиқ жойларга ташлаб келгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Экополиция ходимлари томонидан тумандаги корхоналарда рейд тадбирлари ўтказилган. Текширув давомида “B.S.I.”, “M.K.”, “P.U.”, “Sh.R.B.” ва “S.S.P.” корхоналарида қум-шағал аралашмасини қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўлган оқова сувлар тозаланмасдан очиқ жойларга чиқарилгани аниқланган.

Олинган намуналар лаборатория таҳлилидан ўтказилганда, сув таркибидаги муаллақ моддалар миқдори белгиланган меъёрдан бир неча баробар юқори экани маълум бўлган.

Шунингдек, “I.Q.S.” ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш ташкилотида ҳам оқова сувлар етарли даражада тозаланмасдан очиқ жойга ташлангани аниқланган. Қайд этилишича, ушбу ҳолатлар бўйича экологик экспертизанинг ижобий хулосаси ҳам олинмаган.

Билдирилишича, ҳолатлар юзасидан ҳар бир корхона учун компенсация тўловлари ҳисоб-китоб қилинган. Аниқланган қоидабузарликларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Хатирчи туманида икки фуқаро тегишли рухсатномасиз дўлана тергани учун жами 7 миллион 480 минг сўм маъмурий жаримага тортилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг