Тошкент ва Янгийўл туманларида газ таъминотидаги автоматик узилишнинг сабаби аниқланди
Жамият
−
27 Февраль 2021
4053Жорий йилнинг 23-24 февраль кунлари ижтимоий тармоқларда истеъмолчиларнинг табиий газ таъминотидан узилиб қўйилганлиги ҳамда электрон газ ҳисоблагич ўрнатилган хонадонларда газнинг автоматик тарзда ўчиб қолиши ва тўлов мавжуд бўлганига қарамай тармоққа қайта уланиш муаммолари кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Аҳоли газ таъминоти идораларида эрта тонгдан кечгача навбатда турса ҳам муаммоси ҳал бўлмай қолгани учун бундай эътироз билдиришга мажбур бўлган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўз ваколати доирасида истеъмолчиларнинг (номуайян доираси) ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, Тошкент вилоятининг Тошкент ва Янгийўл туманларидаги вазиятни жойига чиққан ҳолда ўрганиб, муаммоларни баратараф қилиш юзасидан бир қатор тезкор тадбирларни амалга ошириб, натижалари ҳақида маълумот берди.
Маълумки, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига асосан, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 484-сон қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган “Истеъмолчиларни электр энергияси ва газ тармоқларидан узиб қуйиш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 3-бандига асосан, истеъмолчилар шартнома мажбуриятларини бажармаганда, шу жумладан, ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширилмаганлиги оқибатида фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ учун қарздорлик мавжуд бўлганда электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилиши лозим.
Қайд этилишича, муаммо сабаблари ўрганилиб, Агентликнинг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан “Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиалига табиий газни етказиб беришда истеъмолчиларнинг ортиқча оворагарчилигига сабаб бўлувчи омилларни тезкор равишда бартараф қилиш тўғрисида сўров хати юборилди ва шу куннинг ўзида 150 нафарга яқин истеъмолчиларни газ таъминотига қайта уланишига амалий ёрдам кўрсатилган.
Бундан ташқари, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўрнатилган электрон газ ҳисоблагичларнинг автоматик тарзда ўчиб қолиши бўйича мурожаатларни ўрганиш доирасида электрон газ ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёнида далолатномалар нотўғри расмийлаштирилгани ва мазкур далолатнома асосида “CSV” базасига маълумотлар нотўғри киритилганини аниқлаган.
“Бунинг оқибатида бир нечта хонадондаги ҳисоблагичлар бўйича серия рақами базага бир хил киритилган бўлиб, бу ҳолат битта қарздор абонент билан бир қаторда, бошқа ҳақдор абонентларнинг ҳам тармоқдан ўчирилишига олиб келмоқда”, дейилади агентлик хабарида.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасида шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади. Агар уларни қўлланиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим. Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгилаб берилган.
Агентлик барча ҳудудларда газ ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёнида аниқланган хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, келгусида қайта такрорланмаслигининг олдини олиш ҳамда масъулиятсизликка йўл қўймаслик юзасидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖга сўров хати тақдим этилганини маълум қилган.
LiveБарчаси