Тошкент ва унинг атрофида яшил зоналар майдони 3 бараварга оширилади

Жамият

image

Тошкент шаҳри ва унинг атрофида яшил зоналар майдони уч бараварга ошириб, 25 минг гектарга етказилади. Бу ҳақда бугун, 25 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган Тошкент шаҳрида урбанизация жараёнларини ривожлантириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича таклифлар тақдимотида сўз боради.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда пойтахт иқтисодиёти ва агломерацияси жадал ўсиб, Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси 3,1 миллион нафардан ошган. Шу билан бирга, 2045 йилга бориб, шаҳар аҳолиси икки баробардан зиёдга ортиши прогноз қилинмоқда. Бу эса урбанизация жараёнларини уй-жой, транспорт-логистика, муҳандислик тармоқлари ҳамда ижтимоий инфратузилмага тушаётган юкламага мутаносиб ҳолда ривожлантиришни талаб этади.

Шунингдек, шаҳар муҳитини соғломлаштириш ва турмуш сифатини яхшилаш мақсадида яшил ҳудудларни кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Хусусан, Тошкент шаҳри ва унинг атрофида яшил зоналар майдонини уч бараварга ошириб, 25 минг гектарга етказиш, аҳоли жон бошига яшил майдонлар ҳажмини 3 квадрат метрдан 6 квадрат метргача кўпайтириш мақсад қилинган.

Ўтган даврда ташаббускорлар томонидан қурилиш бўйича умумий майдони 2 минг 679 гектар бўлган 85 та лойиҳа таклифи келиб тушган. Тақдимотда ушбу лойиҳаларни комплекс кўриб чиқишнинг натижалари ҳақида ахборот берилган.

Ўрганиш давомида ҳар бир лойиҳани шаҳарсозликнинг ягона ёндашуви асосида баҳолаш, ҳудуднинг камида 30 фоизида яшил майдонлар ташкил этиш имконияти, реновация орқали эскирган ҳудудларни комплекс янгилаш ҳамда ер майдони 1 гектаргача бўлган кичик ва зич қурилишлар амалиётидан воз кечиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Кўриб чиқиш якунларидан келиб чиқиб, 18 та лойиҳани амалга оширишга рухсат бериш, 12 та лойиҳанинг ер майдони, қаватлар сони ва лойиҳа концепциясига ўзгартириш киритган ҳолда мақбуллаштириш таклиф этилган, 54 та лойиҳани эса концептуал жиҳатдан тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарур деб топилган.

Янгиҳаёт туманидаги “Янги авлод” махсус саноат зонасини кенгайтириш режалари муҳокама қилинган. Бунинг ҳисобига Тошкент шаҳри марказидан йирик саноат корхоналарини босқичма-босқич кўчириш, юқори қўшилган қиймат яратадиган ва экология талабларига жавоб берадиган ишлаб чиқаришларни жойлаштириш муҳим экани қайд этилган.

Маъқулланган лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳар йили қурилиш ҳисобидан қўшимча 1,5 миллиард доллар ялпи ҳудудий маҳсулот, бюджетга 3,5 триллион сўм тушумлар шаклланиши ва 260 минг иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Тақдимотда яшил ҳудудларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Лойиҳаларнинг камида 30 фоизида, яъни 400 гектарда яшил майдонлар ташкил этиш шартлиги кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг 9 та ҳудудида умумий майдони 134 гектар бўлган алоҳида янги жамоат парклари барпо этиш режалари кўриб чиқилган ва маъқулланган.

Лойиҳалардан ундириладиган инфратузилма тўловларидан тушган маблағлар, биринчи навбатда, янги яшил ҳудудлар барпо этишга, ортган қисми эса шаҳар инфратузилмаси объектларини қуришга сарфланиши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Президент пойтахтдаги урбанизация жараёнларини жамоатчилик манфаатлари, соғлом муҳит ва экология талаблари билан боғлаган ҳолда ривожлантириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Шавкат Мирзиёев яшил зона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг