Тошкент ва Навоийда ОТМ ходимлари жиноят устида қўлга олинди
Жамият
−
29 Август 2020
8986Давлат хавфсизлик хизмати коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ бир қатор жиноятларга чек қўйди. Қайд этилган барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилди. Бу ҳақда “O’zbekiston24” телеканали хабар берди.
Aниқланишича, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг сиртқи бўлими услубчиси (методист) фуқарога ўзини мазкур университет декани ўринбосари дея таништириб, унинг ишончига кирган.
ДХХ хабарига кўра, у агар 1 300 AҚШ доллари берса, танишини университетда юқори лавозимда ишловчи яқин алоқалари орқали иккинчи мутахассислик бўйича сиртқи бўлимга ўқишга киритиб қўйиши мумкинлигини айтган. Университет услубчиси ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда келишилган пулни олган вақтда, ашёвий далиллар билан ушланган.
Бу каби ҳолат Навоий вилоятида ҳам қайд этилган. Маълум бўлишича, Навоий давлат педагогика институтининг маркетинг бўлими бошлиғи ҳам маҳаллий фуқародан унинг танишини мазкур институтнинг мусиқа факультетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 3000 AҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ҳамда Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида маркетинг бўлими бошлиғи сўралган пулнинг ярмини, яъни 1500 AҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Aввалроқ, Aндижон ва Урганчда университет ўқитувчилари абитуриентни ўқишга киритиш эвазига 4000 AҚШ доллари олган вақтида қўлга олинганди.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь