Тошкент ва Фарғонада 34 кишидан иборат жиноий гуруҳ фош этилди (видео)
3-саҳифа
−
10:21 5544 2 дақиқа
Фарғона шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро раҳбарлик қилган жами 34 кишидан иборат жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, жиноий гуруҳ халқаро миқёсда жуда катта миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган. 40 ёшли фуқаро раҳбарлик қилган гуруҳ Фарғона ва Тошкент шаҳарларида биноларни ижарага олиб, Call-markaz ниқоби остида фаолият юритган.
Улар ахборот технологиялари ёрдамида Россия Федерациясида дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг 70 мингдан ортиқ мижозлари тўғрисидаги маълумотларни қўлга киритган.
Кейин, сохта Cаll markaz операторлари “SIP телефония” ва “Zoiper” иловалари орқали асосан кекса ёшдагиларга қўнғироқ қилиб, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва банк ходимлари сифатида таништириб, гўёки компания томонидан сифатсиз дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар сотилганлигини айтган ҳолда, мижозларга 500 мингдан 580 минг рублгача (тахминан 80-92 млн сўм) миқдорда компенсация тўлаб берилишини айтишган. Бунинг учун эса фуқаролар 5 мингдан 20 минг рублгача (800 мингдан 3 млн 200 сўмгача) миқдорда солиқ тўлашлари кераклигини айтган.
Натижада жабрланувчилар жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тақдим этилган турли банк пластик карталарига жами 9 млн 599 минг 561 рубль (1 млрд 537 млн сўм) миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб берган.
Шунингдек, жиноий гуруҳнинг 3 нафар аъзоси криптовалюталар савдосини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олмасдан, “Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги талабларига зид равишда жами 470 минг АҚШ долларига яқин крипто-активлар айланмасини амалга оширган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ёзявон туман суди томонидан уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига Жиноят кодексининг 168-(фирибгарлик), 243-(жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 278-7 (телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) ва 278-8 (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) моддалари билан айбли деб топилиб, уларнинг 21 нафарига 3 йил 6 ойдан 9 йил 6 ой муддатгача озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланган. Қолган 13 нафарига нисбатан 4 йил 3 ойдан 4 йил 6 ойгача муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланиб, жарималар қўлланилган. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар эса ундирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чилонзор туманида фирибгарлик билан шуғулланиб келаётган яширин Call-markaz “кибербункер”и аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Жавоҳир Алиқулов