Тошкент ва Бухорода ноқонуний ер сотганлар ушланди
3-саҳифа
−
16 Апрель
3314Тошкент ва Бухоро вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида 2 нафар маклер Оҳангарон туманидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган МЧЖга 30 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида берилган 96,6 гектар яйлов ер майдонини мансабдор танишлари орқали, чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 70 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида маклерлар ушбу ишни Тошкент вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармасида бўлим бошлиғи ўринбосари, шуъба бошлиғи ҳамда бош мутахассис лавозимларида ишловчи 3 нафар шахс орқали ҳал қилмоқчи бўлганликлари аниқланиб, улар ҳам қўлга олинган.
Шунингдек, Тошкент туманидаги МЧЖ раҳбари ҳамда ишчиси ўзаро тил бириктириб, муқаддам автотураргоҳ ва интенсив ёнғоқзор ташкил этиш учун, ушбу МЧЖга 9 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида берилган 50 сотих ер майдонининг 25 сотихини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Оҳангарон туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган шахс ўз онасига тегишли чорвачилик фермасига муқаддам 49 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида берилган 20 гектар ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб бериш ва унинг 40 сотих қисмида қурилиш ишлари олиб бориш учун мансабдор танишлари орқали рухсат олиб беришни ваъда қилган. Эвазига 100 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.
Бу йўналишда Бухоро вилоятида ҳам қонунбузилиши ҳолати аниқланган.
Хусусан, Бухоро туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари муқаддам туман ҳокимининг тегишли қарори билан ушбу хўжаликка 49 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида ажратиб берилган 5,3 гектар ер майдонини харидорга 95 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси