Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида экстремистлар қўлга олинди
Жамият
−
24 Июнь 2020
18127Кеча, 23 июнь куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида яширин фаолият олиб борган, “Тавҳид ва жиҳод катибаси” (ТЖК) халқаро террорчилик ташкилотига алоқадор бўлган гуруҳлар тарафдорларининг ноқонуний фаолияти фош этилди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.
Дастлабки тўпланган маълумотларга кўра, мазкур шахслар ҳозирда Сурияда халқаро террорчилик ташкилоти, ТЖК сафида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 2001 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А. Абдуқаҳҳоров ва унинг раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб, интернет орқали экстремистик мазмундаги видеороликларни муҳокама қилиб, “ҳижрат” ва “жиҳод” амалларини бажариш мақсадида Сурия Араб Республикасига чиқиб кетишни режалаштирган.
Таъкидлаш жоизки, ушбу шахслар орасида 3 нафари муқаддам терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноят содир этиб, жазо муддатини ўтаб чиққан.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2442-моддаси 1-қисмига (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) асосан қўзғатилган жиноят иши доирасида Тошкент шаҳрининг Олмазор, Учтепа, Чилонзор, Яккасарой ва Сирғали ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидаги 25 та манзилларда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 25 нафар шахслар қўлга олинди.
Ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилган. Ҳозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарорига асосан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйҳатига киритилган.
LiveБарчаси