Тошкент шаҳар ИИББ “Бахти Ташкентский” бўйича мурожаат билан чиқди
3-саҳифа
−
04 Декабрь 2023 75561 2 дақиқа
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси фуқароларга мурожаат билан чиқиб, тезкор тадбирлар давомида қўлга олинган Бахтиёр Зафарович Қудратуллаев (“Бахти Ташкентский”), Дилшод Тулкинович Шарипов ва Анвар Бабаражабович Мирзахановнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлганлардан пойтахт ИИББга мурожаат қилишларини сўради.
“Ҳурматли фуқаролар агар Сиз ушбу шахслардан ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-69, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99-370-73-94 телеграм рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан қўзғатилган жиноят иши тергов қилинаётгани, мазкур жиноят иши доирасида ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида жиноий фаолият олиб борган бир нечта шахслар гумонланиб ушланганини маълум қилганди.
Жумладан:
• 1971 йилда туғилган Бахтиёр Зафарович Қудратуллаев (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик; 276-модда 2-қисми, кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш);
• 1980 йилда туғилган Дилшод Тулкинович Шарипов (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик);
• 1972 йилда туғилган Анвар Бабаражабович Мирзаханов (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик) қўлга олинган.
“Ушбу шахслар таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга ҳилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган”, дейилган ИИББ хабарида.