Тошкент шаҳар ҳудуди кенгайиши кутилмоқда
Жамият
−
05 Январь 2020
14513Тошкент шаҳар ҳокимлиги маъмурияти пойтахтга қўшилиши режалаштирилаётган ҳудудлар ҳақида маълум қилди.
Қайд этилишича, Тошкент доимий ривожланмоқда, янги инфратузилмалар ва ижтимоий объектлар пайдо бўляпти, янги турар жойлар ва мажмуалар қурилаётир, пойтахт аҳолиси ўсмоқда.
Маълум қилинишича, ўсиб бораётган аҳоли ҳаёт сифатини яхшилаш, шаҳар қиёфасини замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган даражага олиб чиқиш, шунингдек, янги шаҳар иншоотларининг узлуксиз барпо этилиши ва Тошкент вилоятининг шаҳарга чегарадош баъзи туман ҳамда шаҳарларининг Тошкент билан пайдо бўлаётган яқиндан агломерацияси маъмурий чегараларни вақти-вақти билан кенгайтиришни тақозо этяпти.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йил 1 октябрь ҳолатига кўра Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси 2 554 900 кишини ташкил этган. Кадастр бўлинишига кўра, шаҳарнинг умумий майдони 33 500 га ёки 334 километр квадратга тенг.
Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ҳозирда “Пастдархон“, “Юқоридархон“ ва “Тошкент“ маҳаллаларида аҳолини рўйхатга олиш, уларда жойлашган объектлар, муҳандислик коммуникацияларини қабул қилиш ишлари ҳамда бошқа зарур чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
“Айтганча, йирик шаҳарларнинг кенгайиши — дунё тенденцияси. Янада кўпроқ одамлар шаҳарларда яшашни афзал билишмоқда, шаҳар аҳолиси зичлиги қишлоқникига нисбатан сезиларли равишда юқори бўлиб боряпти“, — дейилади матбуот хизмати хабарида.