Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон пулли йўллари қачон қурилиши маълум бўлди
Жамият
−
04 Сентябрь
7946Тошкент-Самарқанд пулли магистраль автомобиль йўлларини қуриш ишлари 2024 йилда, Тошкент-Андижон йўлини қуриш ишлари 2026 йилда бошланади. Бу ҳақда жорий йилнинг 30 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида 2024-2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланди.
Унга кўра, 2024-2026 йилларда устувор давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар, 2024-2030 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар дастури тасдиқланди. Бунинг учун йирик шаҳарлар ўртасида қулай ва тезкор автомобиль қатнови учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида камида 1000 километр замонавий пулли магистраль автомобиль йўлларини қуриш ва модернизация қилиш лозимлиги белгиланди.
Маълумот учун, Тошкент-Самарқанд пулли автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси 2023 йилнинг декабрь ойида ишлаб чиқилган. Лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий ҳужжатини ишлаб чиқиш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 350 минг доллар миқдорида грант маблағлари ажратилган. Лойиҳа халқаро стандартларга жавоб берадиган 305 километр узунликдаги автомобиль йўли 6 тасмали автомагистраль талаблари асосида қурилади. Шунингдек, ҳамма туташма ва иншоотлар устидан янги кўприк ва йўл ўтказгичлар қуриш ҳамда интеллектуал транспорт тизимини ўрнатиш кўзда тутилган. Тошкент-Андижон пулли йўли Тошкент ва бошқа ҳудудларни Фарғона водийси билан боғлашга ёрдам беради. Лойиҳанинг умумий узунлиги 314 километр бўлиб, унинг қиймати 4,65 миллиард долларни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент-Андижон пулли йўлини қуриш қанчага тушиши очиқланиб, йўлни қуриш учун 2 млрд АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарфланиши маълум қилинганди.
LiveБарчаси