Тошкент маҳаллалари аномал қишга тайёрми? Президент барчасини бориб кўрди
Жамият
−
14 Октябрь 2023
11275Бугун, 14 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ишга туширилган когенерация иншоотини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ўтган йилги аномал совуқда йўл қўйилган хатоларни такрорламаслик учун Чилонзор туманининг Оқтепа ва Боғзор маҳаллаларига иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарадиган когенерацион қурилмалар ўрнатилган. Улар соатига 4,6 МВт электр энергияси ҳамда 29 гигакалориядан ортиқ иссиқлик ишлаб чиқариш қувватига эга.
“Туркиянинг “Iltekno” компанияси билан биргаликда амалга оширилган лойиҳага Германиядан газ-поршенлар ҳамда “Bosch” қозонлари келтириб ўрнатилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, иссиқлик магистрали алмаштирилган, ҳар бир турар жой биноси ва ижтимоий объектларда алоҳида иссиқлик тақсимлаш пунктлари ўрнатилган. Жами 13 минг метр узунликдаги иссиқлик тармоқларини янги, изоляцияли қувурларга алмаштириш ҳисобига тўлиқ ёпиқ тизимга ўтказилган ва йўқотишлардан ҳимоя қилинган.
“Боғзор ва Оқтепа маҳаллаларидаги трансформаторлар алмаштирилди, электр узатиш тармоқлари янгидан тортилди. Бунга қўшимча, кўп қаватли уйлар тепасига қуёш панеллари ўрнатилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Мажмуа ишга туширилиши натижасида йилига 5,3 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади. Атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддалар 67 фоиз камаяди, оқова сув ташланмалари эса умуман бўлмайди.
Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев “Тошкент иссиқлик маркази” корхонасининг Шайхонтоҳур туманидаги 3-сонли иссиқлик марказини бориб кўрган эди.