Тошкент халқаро аэропортида 21 ёшли қўшмачи аёл ушланди
3-саҳифа
−
13 Март
13634Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 2 нафар қизни фоҳишалик учун Россияга жўнатаётган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ Ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Янгийўл туманида яшовчи 2002 йилда туғилган “Бону” тахаллуси билан танилган аёл Тошкент ва Хоразм вилоятида яшовчи икки нафар тенгдоши (аёллар)ни мўмай даромад топадиган иш топиб беришни ваъда қилиб, фоҳишалик билан шуғуллантириш мақсадида Тошкент халқаро аэропортидан Тошкент – Жуковский авиарейси орқали Россия Федерациясига жўнатмоқчи бўлган. Бироқ у аэропортда ИИББ тезкор ходимлари томонидан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 135-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 январь куни Интерпол томонидан қизил билдиришнома билан “Халқаро одам савдоси” жинояти доирасида қидирувга берилган, халқ орасида “Мадам Клод” тахаллуси билан танилган, 1989 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Нилуфар Абдураимовна Мирханова Туркиянинг Чаноққалъа вилояти Айважик туманида ушлангани ҳақида хабар берган эдик. Кейинроқ унинг 7 нафар ўзбекистонлик ҳамтовоғи ҳам ушлангани маълум бўлди. 10 январь куни эса аёл Туркиядан Ўзбекистонга депорт қилинди.
LiveБарчаси