Тошкент қайтадан қурилади
Жамият
−
11 Октябрь
30738Тошкент шаҳри 2045 йилгача 7,5 млн аҳолига мўлжалланган мегаполисга айлантирилади. Бу ҳақда 9 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишиш жараёнида маълум қилди.
Бугунги кунда шаҳар ҳудуди 43 822 гектарни, аҳоли сони эса 3 миллиондан ортиқни ташкил этади. Келгусида бу кўрсаткич ошиб бориши кутилмоқда. Шу сабабли ҳам Тошкент шаҳри кенгайтирилмоқда. Кенгайганда ҳам нақ 7 853,3 гектарга. Янги шаҳар пойтахт марказидан 20 километр масофада, Қорасув ва Чирчиқ дарёлари оралиғида барпо этилади. Тошкент вилоятидан олинадиган бу ер майдонида қад кўтарадиган пойтахтнинг янги қисми лойиҳалари эса аллақачон тайёр.
Масалан, Zaha Hadid architects Тошкентнинг янги қисмида Алишер Навоий номидаги илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи, Миллий мақом марказидан иборат мажмуа қуради ва бу мажмуа 2026 йилгача қуриб битказилади.
“Ўзбекистон азал-азалдан ўзининг миллий қадриятлари ҳамда ана шу қадриятларни бунёдкорлик объектлари билан уйғунлаштира олган буюк меъморлар мамлакати ҳисобланади. Биз ҳам лойиҳани бошлашда, аввало, шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратдик. Шунингдек, замонавий ёндашув асосида лойиҳага янада оптималлик бағишлашни мақсад қилганмиз. Ишонамизки, лойиҳа дунё миқёсида нодир меъморчилик асарига айланади”, деди Zaha Hadid architects директори Паоло Маттеуззи.
Zaha Hadid architects дунёдаги энг нуфузли архитектура фирмаларидан бири саналади. У жаҳон архитектурасида ўзига хос ёндашувга эга инновацион меъмор Заҳа Ҳадид номи билан аталади. Унинг ҳар бир лойиҳаси, жумладан, Лондондаги The Serpentine Sackler галереяси, Гуанчжоудаги Опера театри, Пекиндаги Даcин халқаро аэропорти, Римдаги Миллий санъат музейи, Баку шаҳридаги Маданият маркази ҳамда дунёнинг энг машҳур шаҳарларида жойлашган кўплаб меъморий санъат асарларида урбанизм, архитектура ва дизайн уйғунлигининг ажойиб намуналари, шунингдек, 30 йилдан ортиқ тадқиқот, тажриба ва изланишларнинг натижасидир.
Мажмуанинг асосий майдони дизайни учун товусдан нусха олинган. У кечқурун ва кундузи ўзгача кўринишда намоён бўлади. Унинг ички қисмлари ҳам ўзбекона меъморчилик асосидаги деворлардан нусха олган.
Хўш, қурилажак янги Тошкентни пойтахтнинг эски муаммолари қийнаб қўймайдими? Масалан, тирбандлик, ёғингарчилик мавсумидаги сув тошқинлари ва электр энергияси билан боғлиқ бўлган муаммолар. QALAMPIR.UZ’нинг бу саволига Янги Тошкентни барпо этиш дирекцияси бош мутахассиси Умиджон Файзиев жавоб берди.
“Янги Тошкентда муаммолар бўлмаслиги бўйича кафолат беролмаймиз. Лекин биз ушбу муаммоларни ўрганиб, уларнинг олдини олган ҳолда лойиҳа ишлаб чиқилаётганини айта оламиз. Бугунги кунда мукаммал шаҳарнинг ўзи йўқ. Янги Тошкент шаҳрида биз зичликни ҳал қилишнинг энг мақбул ечимини танладик. Зичлик шаҳарсозлик нормаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳужжатларимиз асосида шаклланади. Барча бинолар шамол йўналиши, инсоляция, зилзилабардошлиликни инобатга олган ҳолатда қуриляпти”, дея жавоб берди у.
Бутун Ўзбекистонда бўлгани каби Тошкент шаҳрида ҳам юзага келаётган энергетик инқирознинг Янги Тошкентга таъсири қандай бўлади? Мазкур саволга жавоб олиш учун эса таҳририят мухбири Янги Тошкентни барпо этиш дирекцияси департамент бошлиғи Жаҳонгир Анваровга микрофон тутди.
“Янги Тошкент шаҳрини барпо этишдан асосий мақсад ҳам эски Тошкент шаҳрида кузатилаётган коммуникацион, муҳандислик тармоқлари бўйича муаммоларни енгиллаштиришдир. Албатта, бу янги шаҳар бўлгани учун унга алоҳида муҳандислик тармоқлари, газ, сув, электр энергияси ва оқава сув тармоқлари бўйича алоҳида лойиҳалар қилиняпти. Уларнинг эксплуатацияси ҳам Янги Тошкент маъмурий бошқарув тузилмаси орқали амалга оширилади. Қолаверса, ушбу ҳудудда эски Тошкент шаҳрининг муҳандислик тармоқларидан фарқли равишда янги метод, яъни ерости галерея шаклидаги туннеллар муҳандислик тармоқлари учун яратилади”, деди у.
Тошкент ва Янги Тошкентнинг умумий қўшма лойиҳаси эса Британиянинг Cross Works компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Тошкентнинг бош режасини ишлаб чиқиш учун айнан шу компания танлангани бир қанча муҳокамаларга сабаб бўлганди. Гап шундаки, Cross Works компанияси ташкил этилган санаси сифатида 2020 йил кўрсатилган. Ишчи ходимлар сони ҳам кўп эмас. Тажриба эса асосан Ўзбекистон ва Марказий Осиё билан боғлиқ бўлиб, йирик халқаро мажмуаларни барпо этмаган.
Хўш, нима учун Тошкентни янгидан қурадиган корхона сифатида айнан Cross Works танланди?
“Буюк Британиянинг Cross Works компанияси бош лойиҳачи сифатида иштирок этмоқда. Ушбу корхонага эса Хитой, Туркия, Россия каби бошқа хорижий компаниялардан тажрибали мутахассислар жалб қилинган. Улар бизнинг муҳитимиз, иқлимимиз, миллийлигимизни инобатга олган ҳолда ишлашади. Биз кўплаб хорижий корхоналарни кўриб чиқдик, ўргандик ва энг мақбул ечим сифатида Cross Works ҳукуматимиз томонидан танланди”, деди Янги Тошкентни барпо этиш дирекцияси департамент бошлиғи.
LiveБарчаси