Тошкент аэропортида хорижий йўловчи 6,3 кг “марихуана” билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
13 Апрель 2746 1 дақиқа
Тошкент аэропортида 6,3 кг “марихуана”ни олиб киришга уринган хорижий йўловчи тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Таиланднинг Бангкок шаҳридан учиб келган хорижий йўловчилардан бирига тегишли қўл юки ва багажлари божхона назоратидан ўтказилган. Натижада юклар орасида турли қадоқлар ичида 12 дона полиэтилен ўрамлар яширилгани аниқланган.
Белгиланган тартибда ва холислар иштирокида ушбу ўрамлар очиб кўрилганида, уларнинг ичидаги яшил рангдаги ўткир ҳидли модда Марказий божхона лабораторияси хулосасига кўра, 6,3 килограммдан зиёд оғирликдаги қуритилган “марихуана” эканлиги маълум бўлган. Мазкур модда эса Ўзбекистонда муомаласи тақиқланган гиёҳвандлик воситаси ҳисобланади.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Маълумот учун, “Тошкент-Аэро” ИБК тезкор тузилмалари ва божхона постлари ходимлари томонидан жорий йилнинг дастлабки чорагида аниқланган 15 та ҳолатда салкам 30 кг оғирликдаги гиёҳвандлик воситаларининг, шу жумладан синтетик наркотикларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган. Олиб қўйилган гиёҳвандлик воситалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 килограммга ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент аэропортида 9 минг доллар ўғирлаган чет эллик шахс қўлга олинган эди.
Live
Барчаси