“Тонировка”ни бепул қилиш таклиф этилди
Жамият
−
04 Май 2022
28132Ўзбекистонда транспорт воситалари ойналарини қорайтириш учун белгиланган тўловни бекор этиш ёки камайтириш таклиф қилинди. Мазкур жамоавий мурожаат “Mening fikrim” порталига жойланган.
Мурожаатда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлдаги “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш киритиб, тонировка учун нархларни қуйидагича белгилаш сўралган:
• орқа ён ойналар бўйича жисмоний ва юридик шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг ярим баравари ҳамда хорижий давлатлар юридик шахслари учун БҲМнинг 2 баравари миқдорида;
• орқа ва олд ён ойналар бўйича жисмоний ва юридик шахслар учун БҲМнинг 2 баравари ҳамда хорижий давлатлар юридик шахслари учун БҲМнинг 10 баравари миқдорида;
• М2, М3 тоифага оид III класс автотранспорт воситалари ён ойналарининг тусини ўзгартириш БҲМнинг 10 баравари миқдорида.
Шунингдек, мурожаатда рухсатномани 3, 6, 9 ва 12 ойга олинадиган қилиб имконият яратиш, транспорт воситалари ойналарини қорайтириш учун тўланадиган тўловлар бериладиган рухсатнома муддати мобайнида тўланиши сўралган.
Мурожаатда келтирилишича, бугунги кунда орқа ён ойналарни қорайтириш учун рухсатнома нархи жисмоний шахслар учун БҲМнинг 4,5 бараварини, юридик шахслар учун БҲМнинг 9 бараварини, орқа ва олд ён ойналар учун БҲМнинг 45 бараварини ташкил этади. Орқа ён ойналари учун жисмоний шахслар 4,5 БҲМни тўлаши мумкин, лекин ҳайдовчи ўзини ва олд ўриндиқдаги йўловчини қуёшдан асраши учун олд ён ойналарини қорайтиришга 45 БҲМ сарфлашга қийналади.
Петиция муаллифи мурожаатини Ўзбекистон Президентининг қуйидаги сўзлари билан якунлаган:
“Инсон қадри деганда, биз аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”.
Маълумот учун, таклиф модераторлар томонидан текширилгандан сўнг, Порталда эълон қилинади ва етарлича овоз тўплагандан кейин Олий Мажлис палаталари ёки Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан кўриб чиқилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь