Бир ойлик ҳарбий хизматга тўланган пуллар қайтариб берилмайди – Мудофаа вазирлиги
Жамият
−
20 Апрель 2020
16626Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси билан боғлиқ ҳолат яхши томонга ўзгарганидан сўнг ҳарбий хизматга чақирув ишлари давом эттирилади. Бир ойлик хизматга, яъни сафарбарлик чақируви резервидаги (СЧР) ҳарбий хизматни ўташ учун пул бадалини тўлаб қўйган фуқаролар 27 ёшга тўлгунга қадар СЧР бир ойлик хизмат йиғинини ўташлари мумкин. Бу ҳақда бугун, 20 апрель куни АОКА штабида ўтган брифинг вақтида Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров айтиб ўтди.
Зулфиқоровнинг маълум қилишича, карантин муддати тугагандан сўнг, албатта, бир ойлик хизмат йиғинига жалб қилиш бошланади. Шу сабаб тўлов қилинган бадал пуллари қайтариб берилмайди.
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 февралдаги 99-сонли қарор билан киритилган низомга мувофиқ бу хизмат тури учун тўланган пул бадаллари фуқаро ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганда, тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси томонидан 27 ёшгача I, II ёки III гуруҳ ногиронлиги берилган ҳолатда, сафарбарлик чақируви резерви хизматчиси вафот этганда ҳамда махсус ҳисоб рақамга янглишиб ёки ортиқча пул бадаллари ўтказилган ҳолатда пул бадаллари белгиланган тартибда қайтариб берилиши белгиланган”, деди Баҳром Зулфиқоров.
LiveБарчаси