Томорқа иссиқхоналари учун айрим солиқлар 50 фоизга камайтирилиши мумкин

Жамият

−

image

Ўзбекистонда томорқа иссиқхоналари учун ер ва мол-мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 14 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган иссиқхоналар фаолиятига “яшил” технологияларни жорий қилиш ва уларнинг экологик хавфсиз фаолият юритишини таъминлаш бўйича тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, 2030 йилгача ер ва мол-мулк солиқларини 50 фоизга камайтириш, айланмадан олинадиган солиқдан озод қилиш ҳамда энергия тежамкор тизимлар истеъмол қилган электр энергияси харажатининг ярмини қоплаш таклиф этилмоқда. 

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги хонадонларга “яшил” энергия манбалари ва самарали ускуналарни жорий этиш учун 100 миллион сўмгача грант ажратиш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Янги “яшил” иссиқхона қуришга 300 миллион сўмгача, мавжудини қайта жиҳозлашга 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит бериш назарда тутилмоқда. Иссиқхоначиликка ихтисослашган 50 та маҳаллада эҳтиёжманд оилалар учун экологик хавфсиз иссиқхоналар ташкил этиш режалаштирилган.

Иссиқхоналарда ҳосил бўладиган ифлосланган дренаж ва фильтр сувларини йиғиш, тозалаш ҳамда қайта ишлатиш масаласи ҳам кўтарилган. Бунинг учун махсус оператор фаолиятини йўлга қўйиш ва Оҳангарон туманида зарур инфратузилмани ташкил этиш таклиф қилинган.

Тақдимотда иқлими қулай ҳудудларда замонавий иссиқхоначиликни ривожлантириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилган. Шеробод туманидаги “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонасига 940 гектар ер ажратилган ва унинг мастер режаси ишлаб чиқилган. Зонада иссиқхоналар ва агрологистика объектларини барпо этиш, шу жумладан, банклар балансидаги иссиқхоналарни бу ерга кўчириш таклиф этилган.

Эркин иқтисодий зонада инвесторлар учун ер ижарасига беш йил давомида ноль ставка қўлланилмоқда, канализация ва ерости сувлари билан боғлиқ тўловлар бўйича уч йиллик имтиёз берилган. Қўшимча равишда ер участкаларини норматив қийматининг 10 фоизи миқдоридаги бошланғич нарх билан аукционга чиқариш, қиймати 10 миллион доллардан юқори бўлган лойиҳалар ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятидан иссиқхоналарини кўчирадиган тадбиркорлар учун эса ушбу кўрсаткични 1 фоиз этиб белгилаш таклиф қилинган.

Шунингдек, зона иштирокчиларини беш йилга ер, мол-мулк ва фойда солиқларидан, олиб келинадиган иссиқхона ускуналарини божхона божидан озод қилиш таклифи кўриб чиқилган. 400 гектар майдонда иссиқхоналар ва агрологистика объектларини барпо этиб, инвесторларга тайёр лойиҳа сифатида сотиш режалаштирилмоқда. Инфратузилмага 220 миллиард сўм, лойиҳаларни молиялаштиришга 200 миллиард сўм йўналтириш ҳамда 2027 йилда 100 миллион доллар инвестиция жалб этиш вазифаси қўйилган.

Мутасаддиларга иссиқхоналарнинг жойлашуви, энергия ресурслари манбалари ва уларни етказиб бериш ҳажмини акс эттирувчи рақамли харитани тайёрлаш топширилган. Шунингдек, иссиқхона маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда сотиш имкониятларини кенгайтириш бўйича чоралар ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ва унга туташ 5 та туманда иссиқхоналар учун махсус экологик тартиб жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг