“Толибон” яна Ўзбекистондан вертолётларни қайтаришни сўради
Олам
−
12 Сентябрь 2025 11265 2 дақиқа
Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий аввалги ҳукумат ағдарилганидан сўнг Афғонистондан Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтилган вертолётларни қайтаришга чақирди. Бу ҳақда у “Толибон” ташқи ишлар вазирлиги томонидан дипломатлар ва халқаро ташкилотлар иштирокида ўтказилган йиғилишда сўз очди.
Муттақий, шунингдек, мамлакатга нисбатан санкцияларини бекор қилиш ва Афғонистон шарқидаги зилзила жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш зарурлигини қайд этган.
“Биз тўрт йил олдин сиёсий ўзгаришлардан кейин бизнинг айрим вертолётларимизни олиб, қўшни давлатларга топширган мамлакатлардан уларни афғон халқига қайтаришни сўраймиз, улар инсонпарварлик операцияларида ишлатилади”, дейди у.
Нутқининг бошқа қисмида Муттақий Афғонистонга нисбатан жорий этилган санкциялар масаласига тўхталган. Унинг сўзларига кўра, ушбу санкциялар оқибатида жорий этилган банк чекловлари чет элдаги айрим афғонистонликларга мамлакатга моддий ёрдам юборишни қийинлаштирган. Шу тариқа Муттақий халқаро ҳамжамиятни яна бир бор мамлакатга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирган.
“Афсуски, Афғонистонга қарши жорий этилган адолатсиз ва ноқонуний чекловлар туфайли юртдошларимиз зилзиладан жабрланганларга ёрдам юбора олмаяпти”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2021 йилнинг августида Афғонистонда амалдаги ҳокимият қулаганида мамлакатдан олиб чиқиб кетилган ҳарбий вертолётларни мамлакатни ҳозирда идора қилаётган “Толибон” муваққат ҳукуматига қайтаришга рози бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов бундай хабарларни рад этди. Унинг айтишича, бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
АҚШ Мудофаа вазирлиги 2021 йилда “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг 46 та самолёт ва вертолётнинг Ўзбекистонга, яна 18 тасининг Тожикистонга олиб борилганини тасдиқлаган. Бу парвоз воситалари таркибига Ми-17 ва UH-60 вертолётлари, шунингдек, PC-12, C-208, AC-208 ва А-29 русумли қанотли самолётлар кирган.
“Толибон” бир неча бор иккала давлатдан ҳам уларни топширишни талаб қилган, бироқ Тошкент ва Душанбедаги расмийлар бу талаблар юзасидан очиқ изоҳ бермаган.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси олдинроқ берган баёнотида янги келишувга кўра, Ўзбекистонга қўнган 46 та учоқ ушбу мамлакат назоратида қолишини айтган. АҚШнинг Афғонистон бўйича элчихонаси эса Тожикистонга собиқ афғон ҳарбий самолётларини “Толибон”га топширмагани учун миннатдорлик билдирган.
Афғонистон собиқ хавфсизлик қўмондонининг айтишича, “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритишидан аввал АҚШ мамлакат ҳаво кучларини жами 229 та вертолёт – жанговар ва транспорт воситалари билан таъминлаган.
Live
Барчаси