“Толибон” ва афғон кучлари етти кунлик келишувга қарамай ўзаро ўт очди
Олам
−
14 Февраль 2020
5011Афғонистон ҳукумати кучлари ва "Толибон" ҳаракати сўнгги 24 соат давомида бир-бирига қарши ҳарбий ҳаракат олиб борди. Аммо АҚШ расмийлари 18 йилдан бери давом этаётган можарога тинчлик музокаралари орқали барҳам берилганини иддао қилмоқда.
Икки томон музокарачилари Доҳада келишувларни давом эттираётган бир пайтда, Афғонистон ҳукумати жойларда жанг бўлаётганини хабар қилди. Шунингдек, Афғонистон Мудофаа вазирлиги 13 январь, пайшанба куни кечқурун Балх вилояти шимолида амалга оширилган ҳаво ҳужумида "Толибон"нинг юқори даражали қўмондони ўлдирилганини билдирди.
"Афғонистон ҳаво кучлари томонидан амалга оширилган ҳужум натижасида "Толибон" ҳарбий комиссиясининг асосий аъзоси Мавлавий Сардор Муҳаммад ва яна саккиз киши ўлдирилди", дейилади вазирлик баёнотида. Лекин "Толибон" ҳаво ҳужумини тасдиқламади.
"Толибон" вакили Забиҳулла Мужоҳиднинг айтишича, толиблар Қундуз вилоятининг шимолидаги назорат-ўтказиш пунктига ҳужуми пайтида олти афғон аскарини ўлдирган.
Афғонистон, "Толибон" ва АҚШ манбалари ушбу ойда, 2001 йилда мамлакатга киритилган АҚШнинг 13 000 га яқин ҳарбийлари ва НАТОнинг минглаб аскарларини олиб чиқишга имкон берадиган тинчлик битими имзоланиши мумкинлигини хабар қилишди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 13 январь куни Афғонистонда АҚШ қўшинлари сонини қисқартириш ва “Толибон” билан келишувга эришиш учун "яхши имконият" борлигини айтганди. АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео эса сўнгги кунларда “Толибон” билан тинчлик музокараларида муҳим ютуқларга эришилганини айтди ва Мудофаа вазири Марк Эспернинг айтишича, улар зўравонликни бир ҳафтага тўхтатиш таклифини муҳокама қилишган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг охирги чорагида Афғонистонда террористик хуружлар аввалги йилларга нисбатан рекорд даражага кўтарилган эди.
Нуруллоҳ Шарипов
LiveБарчаси