“Толибон” ўқувчи ва ўқитувчилар учун дўппи ҳамда салла кийишни мажбурий қилди
Олам
−
22 Февраль 3155 2 дақиқа
“Толибон” ҳаракатининг таълим вазирлиги “Кийим-кечак низоми”ни тасдиқлаб, Афғонистон мактабларида ўғил бола ўқувчилар ва эркак ўқитувчилар учун кўйлак ва иштон, шунингдек, дўппи ёки салла кийишни мажбурий қилди. Бу ҳақда “Etilaatroz” нашри хабар берди.
Низомда қайд этилишича, ўқувчиларнинг кийими матодан тикилган кўйлак ва иштондан иборат бўлиб, кўйлак этаги тиззадан пастроққа тушиши керак. Давлат мактабларининг 1-синфдан 9-синфгача бўлган ўқувчилари ҳаворанг кўйлак ва иштон кийиши ҳамда бошларига дўппи ёки салла ўраши лозим. 10-12-синф ўқувчилари эса оқ рангда кўйлак ва иштон кийиб, салла ўраши шарт.

Хусусий мактабларга эса ўқувчиларининг кийим рангини танлаш ва ўз белгиларини кийимга ёпиштиришга рухсат берилган.
Низомга мувофиқ, эркак ўқитувчилар ҳам кўйлак ва иштон кийиб, салла ёки ҳеч бўлмаганда дўппи кийиши кераклиги белгиланган. Ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг кийимлари белгиланган узунликдан жуда қисқа ёки жуда узун, тор ва ёпишиб турувчи ҳамда юпқа бўлмаслиги керак.
Агар ўқувчи белгиланган кийимни ҳеч қандай узрли сабабсиз киймаса, биринчи марта унга огоҳлантириш берилади. Такроран бузса, унинг оиласи ҳузурида унга бу қоидани қайта бузмаслик ҳақида мажбурий тилхат ёздирилади.
“Толибон”нинг таълим вазирлиги ушбу низом тартиб-интизомни шакллантириш, ўқувчилар орасида таълим олиш ва итоаткорлик руҳини мустаҳкамлаш, бой ва камбағал оилалар фарзандлари орасида тенглик ҳиссини яратиш, ўқувчилар ва бошқа шахслар орасида фарқни белгилаш ҳамда исломий кийим маданиятини мустаҳкамлаш мақсадида жорий этилганини таъкидлади.
“Толибон” етакчиси Ҳибатуллоҳ Охунзода ушбу низомни маъқуллаган ва шундан сўнг, таълим вазирининг муваққат раҳбари Ҳабибуллоҳ Оға барча вилоятларнинг таълим бошқармаларига уни амалиётга татбиқ этишни буюрган.
Низомда қиз ўқувчилар ва аёл ўқитувчиларнинг кийимлари ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати олий таълим вазирлиги 500 талабага Россияга ўқишга боришни тақиқлаганди. “Толибон” бу тақиқни талабаларнинг Россияга мусулмон бўлиб кетиб, коммунист бўлиб қайтмоқда, деган баҳона билан изоҳлаганди.
Live
Барчаси