“Толибон” Туркияга Қобул аэропортини бошқаришни таклиф қилди – Эрдўған
Олам
−
27 Август 2021
9119“Толибон” ҳаракати Туркияга Қобул аэропортининг фуқаролик бошқарувида иштирок этишни таклиф қилди. Ҳаракат эса хавфсизликни ўз зиммасига олади. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Толибон” Қобул аэропортини бошқаришни таклиф қилди. Кимга таклиф қилди? Бизга. Айтишларича, улар хавфсизликни таъминлайди, лекин маъмурий бошқарувни бизга таклиф қилди. Биз ҳали жавоб бермадик, қарор қабул қилмадик”, дейди Президент.
Туркия давлат раҳбари ушбу таклиф бўйича қарор чиқаришга Қобул аэропортидаги беқарор вазият халақит бераётганига эътибор қаратган.
“Ҳозир ҳар қандай вақтда фалокат юз бериши ва қурбонлар бўлиши мумкин. Агар бизнинг бошқарувимиз пайтида ҳам кечагига ўхшаган ҳодиса юз берса, нима деб жавоб беришни билмай қоламиз. Демак, ҳозирча “Толибон” таклифи бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилинмайди”, дея Эрдўған Анқара бошқарувни ўз қўлига олиши учун тегишли шароитлар зарурлигини қўшимча қилган.
Бундан ташқари, Туркия раҳбари агар сабаб ва хоҳиш бўлса, Анқара “Толибон” билан алоқа қилиши мумкинлигини таъкидлаган.
“Ҳеч ким бизга ким билан гаплашиш ва ким билан гаплашмасликни айтишга ҳақли эмас. Рухсат сўрамаймиз”, дейди у.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Туркия ҳарбийлари ва фуқароларини Қобулдан эвакуация қилиш ишлари давом этмоқда. Мамлакат элчихона ходимларини шаҳардан аэропорт ҳудудига эвакуация қилиб бўлган.
“Биз тез орада ҳарбийлар ва тинч аҳолини эвакуация қилишни тугатамиз. Пухта тайёргарлик кўрдик ва жараён яхши кетмоқда. Одамлар самолётда Исломободга олиб кетилади ва у ердан ким истаса, уйига учади”, дейди Эрдўған.
Маълумот ўрнида, Афғонистонда 600 нафар аскари бор Туркия НАТОнинг бошқа аъзолари чиқиб кетганидан сўнг, Қобул аэропортини қўриқлаш ва бошқаришни режа қилганди. Бироқ, “Толибон” ушбу таклифни рад этиб, барча хориж қўшинларидан мамлакатни тарк этишни талаб қилди.
Жорий йилнинг 15 август куни “Толибон” Афғонистонда ҳукуматни эгаллагач, мамлакатда тартибсизлик бошланди. Шундан сўнг, Анқара Қобул аэропорти билан боғлиқ режасидан воз кечди.
Эслатиб ўтамиз, 26 август куни Афғонистон пойтахти Қобул шаҳри аэропортида кетма-кет учта портлаш юз берди. Террорчилик ҳаракати, дея баҳоланган ушбу фалокат оқибатида 150 дан ортиқ одам жароҳатланган, 100 дан зиёди ҳалок бўлган. Қурбонлар сони ортмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь