Афғонистон Ўзбекистонга ҳеч қандай таҳдид туғдирмайди – “Толибон” расмийси
Жамият
−
23 Февраль
7098“Толибон” бош вазирининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдулғани Бародар Ўзбекистонга нисбатан Афғонистон томонидан ҳеч қандай таҳдид қилинмаслигини айтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан суҳбатга таяниб, “Толибон” муваққат ҳукуматининг расмий саҳифасида хабар берилди.
У Афғонистонда наркотик моддаларни экиш, ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш ва контрабанда қилишга қарши жиддий кураш олиб борилаётгани ҳамда уларнинг қўшни давлатларга ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинганини таъкидлади.
Шунингдек, Бародар қўшни давлатлар, минтақа ва бутун дунёга Афғонистон ҳудуди ҳеч бир давлатга қарши ишлатилмаслиги ҳамда ҳеч қандай таҳдид туғдирмаслигига ваъда берди.
Учрашувда толиблар делегацияси Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги темирйўл ва автомобиль йўлларини ривожлантиришни муҳим ҳамда фундаментал масала деб атади. “Толибон” расмий Тошкентга Ўзбекистонни Эрон ва Хитой билан боғловчи “Мозори Шариф-Ҳирот-Қандаҳор” темирйўли лойиҳасига сармоя киритиш бўйича таклиф берди. Делегациянинг таъкидлашича, бу Тошкентнинг Жанубий Осиё давлатлари, Эрон ва Хитой билан савдо-сотиқ ишларини кенгайтиради, минтақа барқарорлиги ва ривожланишида конструктив роль ўйнайди.
Бародар суҳбатда икки томон ўртасида турли соҳаларда эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, инфратузилма лойиҳалари, савдо-сотиқ, транзит, минтақавий масалалар бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш, Қобул ва Тошкент ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган. Шу билан бирга, Ўзбекистон расмийларидан туннель қурилиши учун Афғонистонга сармоя киритишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг бош вазир ўринбосари Мулло Абдулғани Бародар раҳбарлигидаги делегация кеча, 22 февраль куни Қобулдан Тошкентга йўл олганди. Уларни Тошкент халқаро аэропортида Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ва Ўзбекистондаги “Толибон” элчиси Шайх Абдуғаффор Баҳр кутиб олганди.
LiveБарчаси