“Толибон”нинг фаоллашуви фонида Марказий Осиё ва Россия Термизда ҳарбий машғулот ўтказади
Олам
−
15 Июль 2021
12799Жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида Россия Қуролли кучлари бўлинмалари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳарбийлари билан қўшма машғулотлар ўтказади. Бу ҳақда “Лента” нашри ёзмоқда.
Қайд этилишича, Россиянинг Мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланган режага кўра, машғулотларда асосий эътибор ноқонуний қуролланган гуруҳларга қарши курашга қаратилади. Бундан ташқари, қўшинлар минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган уринишларга қарши кураш бўйича машғулотлар ўтайди.
“Известия” нашри маълумотларига кўра, август ойидаги ҳарбий машғулотлар Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри полигонларида бўлиб ўтади. Сентябрь ойидаги эса Қирғизистоннинг “Эдельвейс” ўқув маркази базасида бўлади.
Хабарга кўра, машғулотлар туркуми Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) мамлакатлари Қуролли кучларининг “Тинчлик миссияси-2021” қўшма стратегик манёврлари билан якунланади.
Маълум қилинишича, Россия томондан 15-тинчликпарварлик ва 55-тоғли моторли милтиқ бригадалари кучлари, шунингдек, 31-алоҳида десант-ҳужум бригадасининг ҳарбий-ҳаво қисмлари жалб қилинади. Бундан ташқари, манёврларда 2 ва 24-алоҳида махсус мақсадли бригадалар гуруҳлари, шунингдек, қўшма қуролли армиялар махсус кучларининг алоҳида рота бўлинмалари иштирок этади.
“Россиянинг Қирғизистон ва Тожикистондаги авиабазалари ҳам жалб қилинади. Шунингдек, 201-ҳарбий базанинг бир қисми бўлган С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам машғулотларда иштирок этади”, дейилади хабарда.
Айни пайтда Тожикистонда қўмондонлик-штаб машғулотлари ўтказилмоқда. Унда Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базасидан мингга яқин ҳарбийлар иштирок этмоқда. Ўқув машғулотлари ҳафта охиригача давом этади.
Маълумот ўрнида, Тожикистон ҳудудидаги 201-ҳарбий база Россиянинг ўз чегараларидан ташқаридаги энг йирик ҳарбий объектидир. У Душанбе ва Бохтар шаҳарларида жойлашган. 2012 йилда ушбу базанинг 2042 йилгача Тожикистонда қолиши тўғрисида қарор қабул қилинган. Унинг таркибига моторли милтиқ, артиллерия, разведка, зенит-ракета ва бошқа қисмлар киради. 2015 йил сентябрь ойидан бошлаб таркибга ҳарбий ҳаво гуруҳи ҳам қўшилди. 2020 йилда базага 20 га яқин янги ва замонавий ускуналар, жумладан, Ми-8-МТВ5-1 ташувчи жанговар вертолётлари, пиёдалар учун модернизация қилинган БМП-2М жанговар машиналари қабул қилинди.
Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 6 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 90 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Расмий Кобул ҳаракат тарафдорларига қарши қарши ҳужумларни режалаштирмоқда.
LiveБарчаси