“Толибон”нинг дипломатик алоқадаги давлатлари сони 100 дан ортди
Олам
−
10:46 688 2 дақиқа
“Толибон” муваққат ҳукуматининг халқаро дипломатик алоқалари кенгайиб бормоқда. Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институтининг тадқиқотига кўра, 2021 йил 15 августдан 2026 йил 15 августгача Афғонистон 103 та давлат ва халқаро ташкилот билан жами 3 минг 651 та дипломатик алоқани амалга оширган. Бу ҳақда “Tolonews” хабар берди.
Қайд этилишича, Қобул сўнгги беш йил давомида қўшни давлатлар ҳамда минтақадаги йирик кучлар билан муносабатларини сезиларли даражада фаоллаштирган. Шу жумладан, Эрон, Хитой, Туркия, Қатар, Ўзбекистон ва Ҳиндистон Афғонистоннинг асосий дипломатик ҳамкорлари қаторидан жой олган.
Сиёсий таҳлилчи Ҳанифхон Карохелнинг таъкидлашича, Афғонистон учун қўшни давлатлар билан алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Унинг фикрича, мамлакат ва унинг қўшнилари бир-бирига эҳтиёж сезади.
“Толибон” матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳам Афғонистоннинг исломий, араб ва минтақавий давлатлар билан муносабатлари яхши эканини билдирган.
“Биз Ғарб давлатлари, шунингдек, аввал Афғонистондаги урушда иштирок этган мамлакатлар билан ҳам яхши дипломатик муносабатлар ўрнатишни истаймиз. Уруш давридаги сиёсат ижобий йўналишда ўзгариши керак”, деган Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
Халқаро муносабатлар бўйича эксперт Ризо Мобалиғ эса Афғонистоннинг йирик давлатлар билан мавжуд муаммолари ҳал этилмас экан, кичик ва қўшни давлатлар билан алоқаларни тўлиқ тартибга солиш қийинлигини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда ҳокимиятни ушлаб турган “Толибон” ҳаракати юридик ва жисмоний шахслар, кўчмас мулк олди-сотдиси ҳамда нефть-газ импортига оид янги солиқ имтиёзларини жорий этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси