“Толибон” кўкнорини йўқ қилиш кампаниясини бошлади

Олам

image

“Толибон” расмийлари Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилоятида кўкнори етиштиришга қарши кампания бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда кеча, 30 март куни “TOLOnews” телеканали хабар берди.

“Турли ҳудудларда аллақачон юзлаб гектар ерлар кўкнорилардан тозаланди, амалиётимиз давом этмоқда”, деган Ҳирот наркотик назорати бўлими раҳбари Ҳаятуллоҳ Руҳоний.

Қайд этилишича, кўкнори майдонларини йўқ қилиш кампанияси ўрим-йиғим мавсуми бошланишига оз вақт қолганида бошланган. Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бошқармаси ходимларига “Толибон” махсус кучлари ҳамроҳлик қилмоқда.

Манбага кўра, Ҳирот вилояти аҳолиси ҳукуматни муқобил экинлар етиштиришда ёрдам беришга чақирган. Афғонистон ғарбидаги Ғор ва Бодғис ҳамда мамлакат жануби-ғарбидаги Нимроз вилоятларида ҳам кўкнорини йўқ қилиш амалиётлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, “Толибон” Афғонистонда 2021 йил августида ҳокимият қўлга киритилишининг бошиданоқ кўкнори етиштириш ва афюн тарқалишига қарши курашиш ниятини эълон қилган. Ўтган апрель ойида улар Афғонистон бўйлаб кўкнори етиштиришни расман тақиқлаган. 

Бироқ 2022 йил охирида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси “Толибон” даврида Афғонистонда кўкнори етиштириш 32 фоизга ошгани, оғу ўсимлиги 233 минг гектарни майдонга экилганини маълум қилган. Бошқарма маълумотларига кўра, асосий экин майдонлари Афғонистоннинг жануби-ғарбий вилоятларида тўпланган – улар кўкнори етиштириладиган умумий майдоннинг 73 фоизини ташкил этган, айнан шу ерда ҳосилдорликнинг энг катта ўсиши кузатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон Гиёҳванд моддалар Ҳирот кўкнори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг