“Толибон” қаерга шошиляпти, ҳаракат нега Афғонистон ҳудудларини бунчалик тез босиб олмоқда?

Олам

image
0:00
0:00
download

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни “Толибон” ҳаракати Қобулни эгаллаб, Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганига 25 йил тўлади. Айнан мана шу санада улар қайта Қобулни эгалламоқчи ва яна ҳокимиятни қўлга киритмоқчи. Бу ҳақда халқаро муносабатлар бўйича эксперт, журналист Валерий Ширяев “Новая газета”га берган интервьюсида айтиб ўтди

“Нега толиблар шошиляпти, дейсизми? Энг тўғри мантиқий фараз оддий бўлади. 24 сентябрь куни “Толибон”нинг 1996 йилда Қобулни ҳамда Афғонистонда ҳукуматни эгаллаб олганига 25 йил тўлади. Чорак асрлик сана улар учун муҳим. Айнан мана шу санада улар Қобулга қайтишга ва ўзларини ҳақиқий ҳукумат сифатида эълон қилишга ҳаракат қилмоқда”, дейди Валерий Ширяев. 

Шунингдек, Ширяев Афғонистондаги ҳозирги ҳукумат узоққа бормаслиги, шу вақтгача расмий Қобул Қўшма Штатларнинг ёрдами ва қўллаб-қуввтлаши эвазига яшаб келганини қайд этган.

“Ҳозирги ҳукумат ўзини мустақил эплай олмаяпти. Худди СССР Афғонистонни тарк этганида ўзидан кейин қолдириб кетган Муҳаммад Нажибулла бошчилигидаги ҳукуматдек. “Толибон” ҳаракати Муҳаммад Нажибулла бошчилигидаги Афғонистон ҳукуматини ҳокимиятдан ағдариб ташлагунга қадар у ҳеч бўлмаса 3 йил яшади. Ҳозирги расмий Қобул эса бир неча ой ҳам туриб бера олмаса керак”, дейди Валерий Ширяев. 

Маълумот учун, “Толибон” ҳаракати Афғонистонни 1996-2001 йиллар оралиғида бошқарган ва ўша давлатнинг номи Афғонистон Ислом Амирлиги, деб аталган. Қайд этиш керакки, ўшанда 
“Толибон”ни Покистон қўллаб-қувватлаган. Толиблар Қобулни эгаллаб, расман 1996 йилнинг 27 сентябрида мамлакатни амирлик, деб эълон қилганида ҳам биринчи бўлиб, айнан Покистон Афғонистон Ислом Амирлигини тан олган. 2001 йилда мамлакатга АҚШ ва НАТО қўшинлари бостириб киргач, “Толибон” бошқарувидаги ҳукуматга ҳам барҳам берилган.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

453

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг