"Толибон” қандай ҳаракат, у қачон ва қаерда вужудга келган?
Таҳлил
−
19 Август 2021
64335Сўнгги кунларда Афғонистонда бўлаётган воқеалар дунё ҳамжамиятининг диққат марказида бўлиб турибди. Америка Қўшма Штатлари ва НАТО жорий йилнинг май ойида ўз ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишни бошлаши билан яна фаоллашган “Толибон” ҳаракати орадан 3,5 ой ўтиб, Афғонистонда ҳокимиятни эгаллади. Хўш, бугун Жаҳон матбуотининг назаридан тушмаётган “Толибон” қандай ҳаракат, у қачон ва қаерда вужудга келган? Ушбу мақоламизда “Толибон”нинг вужудга келиши ҳамда унинг сиёсий амбициялари ҳақида сўз юритамиз.
Совет-афғон урушидан сўнг Афғонистон
1979 йилнинг декабрь ойида Совет ҳукумати Афғонистонга қўшин киритди. Мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетди. 1989 йилда СССР раҳбари Михаил Горбачёв (1953-1999) СССР армиясини Афғонистондан олиб чиқиб кетишга қарор қилди. 10 йил давом этган бу урушда 15 минг cовет жангчиси ҳалок бўлди. Жаҳон жамоатчилиги Совет қўшинлари Афғонистонни тарк этиши билан “мамлакатда тинчлик ҳукм суради”, деб ўйлашган эди. Аммо, бундай бўлмади.
1992 йилда мухолиф кучлар томонидан Муҳаммад Нажибулло ҳокимиятдан ағдарилди. Нажибулло 1986 йилда Совет ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши натижасида ҳокимиятга келган эди. Шу тариқа, СССРнинг Афғонистондаги таянчи қулади. Лекин, Афғонистонда фуқаролик уруши давом этаверди. Бунинг сабаби мухолиф кучлар ўртасида ўзаро ҳокимият учун бошланган кураш эди. Мухолиф кучлар Афғонистонда яшовчи турли этник (пуштунлар, тожиклар, ўзбеклар ва бошқалар) ҳамда диний гуруҳларнинг вакиллари эдилар.
Муҳаммад Нажибулло ҳокимиятдан ағдарилгач, Кобул шаҳрини биринчи бўлиб генерал Аҳмад Шоҳ Масьуд бошчилигидаги қуролли кучлар эгаллаб олди. Тожикларнинг ҳокимиятни эгаллаганига пуштунлар лидери Гулбеддин Ҳикматиёр тоқат қила олмади. Шу тарзда Афғонистонда фуқаролар уруши янги бир шароитда давом этди. Мамлакатда сиёсий вазият борган сари оғирлашди.
“Толибон”нинг вужудга келиши
Афғонистондаги шундай оғир шароитда янги бир сиёсий куч “Толибон” (мадраса талабалари) пайдо бўлди. “Толибон” – сўзи пуштун тилидан олинган бўлиб “талаба”, деган маънони англатади. Улар 1994 йилнинг ноябрь ойида сиёсий кураш майдонига чиқдилар. Хўш, “Толибон” кимлардан таркиб топган эди?
“Толибон” – Афғонистонда жамият ҳаётини соф ислом асосида қайта қуриш учун курашга бел боғлаган диний-сиёсий гуруҳ вакилларидир. Уларнинг
катта қисмини фуқаролар уруши даврида етим қолган болалар ташкил этган. “Толибон”нинг асосчиси Мулла Умар эди.
Мулла Умар совет босқини даврида (1979-1989) мужоҳидлардан бири бўлган. У коммунистик ҳукумат ағдарилганидан сўнг, Афғонистонда исломий тамойилларга асосланган тартиб ўрнатишни тарғиб қилган. Шу мақсадда Мулла Умар Афғонистоннинг жанубидаги Қандаҳор вилоятида 50 та талаба билан “Толибон”га асос солади. 90-йиллардаги фуқаролик уруши даврида Покистонга қочиб ўтган 5 млн афғон қочоқларининг фарзандлари “Толибон” гуруҳига жалб этилган. “Толибон”нинг асосий кучини шакллантирган жой мадрасалар бўлиб, бу мадрасалар асосан Покистон ҳудудида жойлашган эди. “Толибон” вакиллари Покистондаги ҳарбий мактабларда пухта тайёргарликдан ўтишган.
“Толибон” ҳаракати Покистон ва Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланди. Улар “Ал-Қоида” террорчилик ташкилоти раҳбари Усама бен Ладен билан мустаҳкам алоқа боғладилар. Тўхтовсиз қонли урушдан чарчаган аҳолининг катта қисми ҳам уларни қўллади. “Толибон” 1994 йилнинг ноябрь ойида Афғонистоннинг жанубидаги Қандаҳор шаҳрини эгаллаб олди. Улар аста-секинлик билан бошқа шаҳарларда ҳам ўз назоратини ўрнатди.
1995 йилнинг январь ойида “Толибон” кучлари пойтахт Қобулга ҳужум қилди. Ўша вақтдаги марказий ҳукуматнинг Мудофаа вазири Аҳмад Шоҳ Масьуд бу ҳужумни қайтаришга муваффақ бўлади. “Толибон” катта йўқотиш билан ортга чекинади, лекин таслим бўлмайди.
1996 йилнинг сентябрь ойида “Толибон” қайта куч тўплаб, Қобулга яна ҳужум қилди. Бу сафар Аҳмад Шоҳ Масьуд ўз қўшинлари билан шаҳарни тарк этади. Октябрь ойида “Толибон” Қобулни эгаллайди. Шундан сўнг, “Толибон” Афғонистонда Ислом амирлиги ташкил этилганлигини эълон қилди. Уни фақатгина уч мамлакат Покистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб амирликлари тан олди.
Ўша вақтда Афғонистон ҳудудининг 90 фоизини “Толибон” назорат қила бошлади. Шундан сўнг, “Толибон” жамиятни тўла исломлаштириш сиёсатини юритди. Барча дунёвий мактаблар ёпилди. Аёллар паранжи ёпинишга, эркаклар эса соқол қўйишга мажбур этилди. “Толибон”га қарши кучлар мамлакат шимолига сиқиб қўйилди. Кейинчалик, қарши кучлар бирлашиб “Шимолий Альянс”, деб аталган иттифоқ туздилар.
“Толибон”нинг қулаши
2001 йил 11 сентябрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги эгизак минораларга террористик ҳужум уюштирилди. Бу ҳужумни Халқаро террорчи Усама бен Ладен ўз бўйнига олди. Шундан сўнг, Бен Ладен Афғонистонга яширинади. Бу эса АҚШнинг Афғонистонга бостириб киришига имкон яратди. Шу тариқа АҚШ ва НАТО Афғонистонга қўшин киритиб, “Эркинлик операциясини" бошлади.
АҚШ ва НАТО қўшинлари “Шимолий Альянс” кучлари билан биргаликда бирин-кетин шаҳарларни эгаллай бошладилар. “Толибон” 13 ноябрь куни Қобулни, декабрь ойида эса Қандаҳорни ташлаб чиқиб кетади. Тез орада, “Толибон” бутунлай чекинди. Ҳаракат раҳбарлари Афғонистонни тарк этишди. Шу вақтда барча “Толибон” енгилди деб ўйлаган эди.
Афғонистон Ислом Республикаси
“Толибон” режими қулаганидан сўнг 2002 йилнинг июнь ойида Афғонистоннинг барча қабилалари ва гуруҳ раҳбарларини ўз ичига олган Олий Кенгаш чақирилди. Унда Ҳамид Карзай мамлакатнинг вақтинчалик Президенти этиб тайинланди. 2004 йилда мамлакатнинг янги Конституцияси қабул қилинди. Янги Конституцияга кўра, Афғонистон Ислом Республикаси деб эълон қилинди. Ўша йили ўтказилган президентлик сайловида Ҳамид Карзай ғалаба қозонди. 2009 йилги навбатдаги президентлик сайловида Ҳамид Карзай ўз лавозимига қайта сайланади.
2014 йилда бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, Ашраф Ғани Афғонистоннинг навбатдаги Президенти этиб сайланди. Бу орада “Толибон” мамлакатнинг айрим шаҳарларига ҳужумлар уюштириб турди.
АҚШ ва “Толибон” келишуви
АҚШнинг 45-Президенти Дональд Трамп 2016 йил сайлов кампанияси даврида афғон урушига барҳам беришни ваъда қилганди. Трамп Президент бўлгач, берган ваъдаларни бажара бошлайди. 2019 йилнинг февраль ойида Вашингтоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод “Толибон”га асос солган инсонлардан бири Мулла Абдул Ғани Бародар билан Қатар пойтахти Доҳада илк бор кўришди. Саккиз раунд давом этган музокаралардан сўнг сулҳ битими тузишган эришилди. Бироқ, 2019 йилнинг сентябрь ойида “Толибон” Қобул ва бошқа бир қатор шаҳарларда террорчилик ҳаракатини амалга оширгани учун Дональд Трамп ҳаракат билан музокараларни тўхтатишга ва келишувни бекор қилишга буйруқ берди.
2020 йил 29 февраль куни Қатарда 30 дан ортиқ давлат вакиллари иштирокида АҚШ ва “Толибон” ўртасида тинчлик сулҳи имзоланди. Шартномага кўра, Оқ уй Афғонистондаги қўшинлари сонини 135 кун ичида 12 мингдан 8,6 минг кишигача камайтириш мажбуриятини олди. АҚШ расмийлари агар “Толибон” мамлакатда террористик ҳаракатларни мутлақо тўхтатса, америкаликлар ўз ҳарбийлари ва НАТО кучларини 14 ой давомида Афғонистондан олиб чиқиб кетишини таъкидлади.
2020 йил АҚШ президентлик сайловида Жо Байден ғалаба қозонди. Жо Байден Трампнинг кўплаб қарорлари ва сиёсий лойиҳаларини бекор қилган бўлса-да, Афғонистон масаласида унинг йўлидан юрди. Байден ҳокимиятга келиши билан Доҳа битимида келтирилган шартларни бажаришга киришди. Ўша вақтда АҚШнинг Афғонистонда 2,5 минг нафар ҳарбий хизматчиси бўлган.
2021 йил май ойидан бошлаб АҚШ ва НАТО ўз кучларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлади. Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” фаоллашиб, ўзининг сиёсий амбицияларини амалга ошириш йўлидан борди ва бирин-кетин мамлакат туманларини ўз назоратига ола бошлади. Июль ойининг ўрталарига келганда “Толибон” Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллади.
“Толибон” 14 август куни пойтахт Қобулни ўраб олди. 15 август куни Афғонистон Президенти Ашраф Ғани расман истеъфога чиқиб, мамлакатни тарк этди. Шу куни Қобул толиблар томонидан эгалланди. Шу тариқа, Афғонистон Ислом Республикаси ағдарилди.
Афғонистондаги вазият
“Толибон” Афғонистоннинг биргина Панжшер вилоятидан ташқари барча ҳудудларни эгаллаб олди. Хозирда Панжшер провинцияси “Толибон”га бўйсунмаган ягона вилоят ҳисобланади. Афғонистоннинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд Панжшер вилоятида бўлиб, толибларга қарши курашиш учун Ғарбдан ёрдам сўрамоқда.
Афғонистондаги нотинчлик сабаб мамлакат аҳолиси қўшни давлатларга қочиб ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг хабар беришича 15 август куни 158 нафар афғон фуқаролари ва қуролланган ҳарбий хизматчилари Амударё орқали Ўзбекистон чегарасидан қонунга хилоф равишда Термиз тумани ҳудудига ўтган.
17 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги Афғонистонга қўшни бўлган давлатларни жанжаллардан паноҳ излаган мамлакат аҳолисига чегараларни ёпмасликка чақирди.
19 август куни “Толибон” 2001 йилда АҚШ ва НАТО ҳарбийлари томонидан қулатилган Афғонистон Ислом Амирлигини қайта тиклаганлигини расман эълон қилди. Ҳаракат Афғонистонда демократий давлат қурмаслигини маълум қилди. Дунё давлатларидан ҳеч бири ҳозирча Афғонистон Ислом Амирлигини тан олмади...
Сардор Али Нурматов
LiveБарчаси