“Толибон” тарафдорлари Россияда теракт уюштирмоқчи бўлди
Олам
−
22 Сентябрь 2021
14585“Толибон” ҳаракати тарафдорлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида террорчилик ҳаракати амалга оширмоқчи бўлган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри хавфсизлик кучларидаги манбасига таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, уларнинг бир нафари Россия, яна тўрт нафари Тожикистон фуқароси бўлган.
Telegram ижтимоий тармоғидаги “База” канали маълумотларига кўра, Россия фуқароси Сангчаров ва Тожикистон фуқароси Мусофиров (исмлари кўрсатилмаган) террорчилик уюшмасини яратишда гумон қилинмоқда. Тергов маълумотларига кўра, бу одамлар Тожикистоннинг яна уч фуқаросини “кофирларга қарши” террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга кўндирган.
Маълум қилинишича, уюшма ҳужраси Екатеринбургнинг Свердлов кўчасида жойлашган эди. Улар ўша ерда оғирлиги 3 килограммдан бўлган портловчи моддани ясаб, уни қадоқлаб, шаҳарнинг бир неча нуқталарига жойлаштирган.
Хабарга кўра, Сангчаров ва Мусофиров ҳибсга олинган ва уларга 30 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Тез орада бошқа гумонланувчиларга ҳам эҳтиёт чораси қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган “Толибон” 19 август куни мамлакатда Ислом Амирлигини тузган. Ҳозирги кунда ушбу мамлакатда инклюзив ҳукумат шакллантириш бўйича жараён кетмоқда. Дунё ҳамжамияти, Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон ҳам бундай ҳукуматни қўллаб-қувватлайди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “This is America” лойиҳаси учун берган интервьюсида толиблар Афғонистондан ташқарида ҳеч қачон террорчилик каби ҳаракатларга қўл урмаганини қайд этган. Бундан ташқари, “Толибон” расмийларининг ўзи ҳам бир неча бор қўшни ва бошқа давлатларга хавф солмасиликка, террорчиларнинг бошқа давлатларга хавф солишида Афғонистон ҳудудидан фойдаланишига йўл қўймасликка ваъда берган.
LiveБарчаси