“Толибон” эффекти: Тожикистон қочоқлар оқимига қарши туриш учун йирик лагер қуришни бошлади

Олам

image

Аввалроқ, Тожикистоннинг Жайхун туманида афғонистонлик қочқинлар учун вақтинчалик марказ қурилиши ҳақида хабар бергандик. Бунинг учун Хатлон вилояти бюджетидан зарур миқдорда маблағ ва ер ажратилгани ҳақида вилоят раҳбари Қурбон Ҳакимзода маълум қилганди. 

Жайхунда афғонистонлик қочқинлар учун лагер қурилиши бошланди. Унга 2,24 гектар ер майдони ажратилди. Бу ҳақда туман раиси Абдулҳофиз Одиназода кеча, 28 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида эълон қилган, дея хабар берди “Азия Плюс” нашри. 

"Жайхун туманининг Панж жамоатида лагер қуриш учун 2,24 гектар ер ажратилиб, Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига топширилди. Лагер атрофини тўсиш ишлари эса вилоят бюджетидан амалга оширилади. Лагернинг қурилиши катта эҳтимол билан республика бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан бўлади. Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бу масала билан шуғулланади", дейди Одиназода.

Шунингдек, Одиназода чегалар тинч эканини ҳам таъкидлаб ўтган. 

"Панж дарёсининг бошқа томонида содир бўладиган ҳамма нарса қўшниларимизнинг ўзининг ишларидир. Чегара ҳудудимиз эса тинч, муаммо йўқ, одамлар кундалик ишлар билан шуғулланмоқда", дейди у.

Шу билан биргаликда, Тожикистон чегара ҳудуди бўлган Панж туманининг раҳбари Зарифхўжа Шоҳиён ҳам чегара тинч экани ва муаммолар йўқлиги ҳақида айтиб ўтган.

“Панж тумани Афғонистон билан 56 километр чегарага эга. Охирги ойда қўшни мамлакатда вазият ёмонлашди, жанглар давом этмоқда. Бироқ ҳеч қандай ўқ узиш ҳолатлари кузатилмаган, чегара ҳудудимиздан афғонлар ҳам ўтмаган”, дея таъкидлади Зарифхўжа Шоҳиён.

Қолаверса, Шоҳиён туманда захира аскарлар тайёр эканини ҳам маълум қилди. 

"Биз минг нафар захирадаги аскар ва зобитларни рўйхатга олдик. Улар керак бўлса, давлат чегараларимизни ҳимоя қилишга тайёр", дейди туман раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Чегара хизмати жорий йилнинг 13-14 июль кунлари қирғиз миллатига мансуб афғонларнинг 347 нафари (шу жумладан 91 эркак, 77 аёл, 177 вояга этмаган бола: 64 ўғил, 113 қиз) Тожикистонга ўтгани ҳақида хабар берганди.

Қайд этилишича, уларнинг барчаси Афғонистоннинг Бадахшон вилояти, Вахон туманидаги Андемин қишлоғининг аҳолиси. Давлат чегарасини кесиб ўтишда икки гўдак вафот этган. Айни вақтда қочқинлар Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти Мурғоб туманида бўлиб турибди.

Афғонистоннинг Тожикистондаги элчихонаси маълум қилишича, 13-14 июль кунлари чегарани кесиб ўтганлардан ташқари барча афғон қочқинлари ўз ватанларига қайтарилган. Уларнинг сони мингдан ошиқ ва аксарияти, чегарачи ҳарбийлар бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Афғон қочқинлари

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг