“Толибон” БМТни Ғарбнинг ноғорасига ўйнашда айблади

Олам

image

Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Бирлашган Миллатлар Ташкилотини Афғонистонга БМТдаги ўрнини бермаётгани учун кескин танқид қилди. Бу ҳақда “Ariana News” хабар берди.

Мужоҳид БМТнинг эндиликда бетараф ёки мустақил ташкилот эмаслигини айтиб, уни Ғарбнинг сиёсий кучлари таъсирида ҳаракат қилаётганликда айблаган.

“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бетараф бир тузилма бўлиши керак эди. Аммо у энди Ғарб сиёсий кун тартибининг таъсирида ишламоқда. У ўзининг самарадорлиги ва мустақиллигини йўқотди”, дейди у.

Мужоҳид Афғонистоннинг БМТдаги ҳозирги вакилининг қонунийлигига шубҳа билан қарашини, у ҳанузгача илгари Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган маъмурият вакили ҳисобланишини қайд этган.

“Бу шахс кимни ифодалайди? У қайси принципларга ва протоколларга асосланиб фаолият юритмоқда? Унинг ички қонунийлиги йўқ ва у Афғонистон халқини ифодаламайди”, дейди у.

Маълумот учун, “Толибон” 2021 йил август ойида ҳокимиятга келганидан бери халқаро тан олинишни мунтазам равишда талаб қилиб, мамлакатнинг БМТдаги ўрнини ўз номзодига топширишни сўраб келмоқда.

Кўплаб такрорий сўровларга қарамай, БМТ Бош Ассамблеясининг Мандатлар қўмитаси ҳар йили бу борадаги қарорни кейинга қолдириб келмоқда ва бу лавозим Носир Аҳмад Фаиқнинг қўлида қолмоқда. У аввалги республика даврида хизмат қилган дипломат бўлиб, ҳозирча вақтинчалик Афғонистон вакили сифатида фаолият юритмоқда.

“Толибон”нинг БМТда расмий тан олинишга интилиши Ғарб давлатлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг қаршилигига учрамоқда. Улар бунга аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳамда мамлакатда инклюзив сиёсий жараённинг йўқлигини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий ой бошида Россия “Толибон”ни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида расман тан олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон БМТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг