“Толибон” АҚШга Афғонистонда дипломатик иштирокини сақлаб қолишни таклиф қилган — ОАВ 

Олам

image

“Толибон” ҳаракати АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан кейин Афғонистонда дипломатик иштирокини сақлаб қолиш таклифи билан Америкага мурожаат қилган. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри манбаси хабар берган.  

Нашр суҳбатдошининг таькидлашича, АҚШ расмийлари бу таклиф борасида иккиланмоқда. Агар келишилса, Америка элчихонаси Қобулда қайта очилиши мумкин. 

Манбага кўра, АҚШ Қобул аэропортининг бўлажак бошқаруви ҳақида ҳам музокара олиб бормоқда. Мунозараларга минтақавий шериклар, жумладан Туркия ҳам жалб қилинган. 

Таъкидланишича, Қўшма Штатлар аросат ҳолатига тушиб қолган. Бир томондан, агар Вашингтон ўз дипломатларини Афғонистонда қолдирса, бу АҚШнинг мамлакатдаги таъсирини сақлаб қолишга ва 31 августдан кейин АҚШ иттифоқчиларини эвакуация қилишни давом эттиришга ёрдам беради. Иккинчи томондан эса, Қобулдаги портлашлардан кейин америкалик ходимларнинг хавфсизлигига аниқ таҳдид бор. 

Маълумот ўрнида, АҚШнинг Қобулдаги элчихонаси жангарилар пойтахтга кириши билан ёпилган, кўпчилик дипломатлар эвакуация қилинган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 август куни Қобул аэропорти яқинида теракт юз бериб, унда 13 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлганди.  

Шундан сўнг, АҚШ ҳарбийлари Афғонистон шарқидаги Нангархар вилоятига ҳаво ҳужуми уюштирди. Унда ИШИД гуруҳининг жангариси йўқ қилинди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ

Баҳолаганлар

129

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг