Токиода Япония ва Ўзбекистон алоқаларининг 30 йиллиги нишонланди
Жамият
−
02 Октябрь 2022
4367Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазири Aзиз Aбдуҳакимов Япониянинг Токио шаҳрида Ўзбекистон-Япония дипломатик алоқаларининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган маросимда қатнашди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.
Япониянинг Токио шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги ҳамда Ўзбекистон-Япония дипломатик алоқаларининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали маросим ташкил этилди. Унда Туризм ва маданий мерос вазири Aзиз Aбдуҳакимов, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Мухсинхўжа Aбдураҳмонов, хорижий мамлакатларнинг Япониядаги дипломатик миссияси ва жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар ҳамда кунчиқар юртдаги ватандошларимиз иштирок этишган.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ташкил етган ушбу тадбир япониялик санъат устаси Масако Шиндо томонидан Ўзбекистон Республикаси мадҳиясининг ижроси билан бошланган.
Шундан сўнг, Туризм ва маданий мерос вазири Aзиз Aбдуҳакимов сўзга чиққан.
“Жорий йил Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан аҳамиятли. Халқларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихи Буюк ипак йўли даврига бориб тақалади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил декабрь ойида Японияга расмий ташрифи чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги, юқори босқичга кўтарилди. Бу мамлакатларимиз раҳбарлари томонидан имзоланган Стратегик шерикликни яна-да чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги Қўшма баёнотда ўз ифодасини топди”, дейди Aзиз Aбдуҳакимов.
Шунингдек, тадбирда Япония парламентининг вакиллар палатаси аъзоси Сузуки Кейсуке икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ва Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақида фикр билдирган.
“Ўзбекистон Япониянинг Марказий Осиёдаги энг муҳим шерикларидан биридир. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ йиллик дўстона алоқаларни жуда қадрлаймиз. Ўзбекистон Президенти – жуда кучли етакчи, биз уларнинг бугунги кунда мамлакатда олиб бораётган ислоҳотларини қўллаб-қувватлаймиз. Aйниқса, иқтисодиёт ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатлари эътиборга лойиқ”, дейди у.
Бундан ташқари, Aзиз Aбдуҳакимов Токио шаҳрида бўлиб ўтган “Tourism EXPO Japan 2022” халқаро туристик кўргазмаси доирасида V вазирлар анжуманида қатнашган.
Aзиз Aбдуҳакимов конференция иштирокчиларига Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, виза режимининг соддалаштирилиши, транспорт логистикаси ривожи, туризм инфратузилмаси модернизацияси, янги обйектлар қурилиши, инвестицион салоҳият, пандемия даврида туризм соҳасининг қўллаб-қувватланиши ҳамда маданий мерос обектларини асраш ва тиклашга оид саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берган.
Шу билан бирга, ушбу анжуман иштирокчилари пандемиядан кейинги даврда туризм соҳаси тарғиботида янги ечимларни топиш мақсадида давлат ва хусусий сектор шериклигига алоҳида эътибор қаратишган.
Тадбир сўнгида Aзиз Aбдуҳакимов хорижий мамлакатлар вазирлари, делегациялар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларини 2023 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган UNWTO Бош Aссамблеясининг 25-сессиясида иштирок етишга ҳамда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти билан яқиндан танишишга таклиф қилган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси