Тўқаев ҳозирги вазиятда Путинни қўллаб-қувватлашдан бош тортди – ОАВ

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия раҳбари Владимир Путин билан телефон суҳбатини амалга оширди. Қозоғистон етакчиси давом этаётган ҳозирги воқеалар Россиянинг ички иши эканини айтди. “Россиянинг ички иши” жумласи бир қатор оммавий ахборот воситалари томонидан “Тўқаевнинг Россия Президентини қўллаб-қувватлашдан бош тортиши”, дея талқин қилинмоқда

Қайд этилишича, икки давлат раҳбари телефон орқали Россиядаги жорий вазиятни муҳокама қилган. Қозоғистон Президентининг матбуот хизмати берган хабарда айтилишича, Тўқаев конституциявий тузум ва қонун устуворлиги мамлакатда қонунийлик ва тартибни таъминлашнинг ажралмас шарти эканини ҳамда бу жамият хавфсизлиги ва унинг муваффақиятли ривожланишининг асосилигини таъкидлаган. 

Ўз навбатида Владимир Путин Қозоғистонга Россия Федерациясидаги мавжуд вазиятни тушунгани учун миннатдорчилик билдирган. 

Россия оммавий ахборот воситаларида ҳам Тўқаевнинг сўзлари Путинга “йўқ”, дейишнинг дипломатик тилдаги ифодаси сифатида талқин қилиняпти. 

Аввалроқ, Владимир Путин Беларусь ва Ўзбекистон Президентларига ҳам қўнғироқ қилиб, уларни Россия ичидаги ҳозирги вазиятдан хабардор қилган эди

Эслатиб ўтамиз, бугун, 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олганди. Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Бунинг ортидан Россия Мудофаа вазирлиги “Вагнер” ҳужум отрядлари жангчиларига, Президент Владимир Путин эса россияликларга мурожаат билан чиқди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси Россияда бўлиб турган фуқароларини огоҳлантирди.

Аввалроқ Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев ва унинг оиласи Москвадан эвакуация қилингани, Путин ҳам вертолётда Новогороднинг Валдай шаҳрига кетган бўлиши мумкинлиги айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Тўқаев телефон суҳбати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг