Эрон ядровий келишувга қайтмоқчи эмас

Таҳлил

Сиёсатчи, дунё аҳамиятидаги шахс, бир қудратли давлатнинг раҳбари деганда кўз олдимизда салобатли, майда-чуйда гаплардан ҳоли ва фақат катта кўламдаги ишлар билан шуғулланадиган шахс гавдаланади. Албатта, яқин-яқингача кўпчилик учун бундай даражадаги инсонлар ойнайи жаҳонда муҳим баёнотлар қиладиган, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини юритадиган, жаҳон минбарларида залворли нутқлар қилиб, тарихда қолган чинакам лидер сифатида гавдаланган. Одaмлар Эрнесто Че Геваранинг БМТ минбаридан туриб: “Ватан, ё ўлим”, деб ўз нутқига якун ясагани, Муаммар Қаддафийнинг орқадаги модераторга қараб ва қандайдир варақлар улоқтиргани, Ахмадинажоднинг Женевадаги чиқиши, Саддам Ҳусайннинг ўлим ҳукмини қандай қарши олгани, Жоржа Мелонининг шовқин-суронга бой нутқлари, Барак Обаманинг Усома бин Лодиннинг йўқ қилинганини эълон қилгани ва шу каби эпизодларда кўринадиган шахсиятгагина сиёсатчи деб баҳo беришга ўрганган.

Аммо ўзгаришлар ҳаётнинг асосий элементи. Шундай экан, айрим давлат раҳбарининг имижи ҳам йиллар давомида ўзгариб борди. Бунга эҳтимол ахборот асри таъсир қилгандир. Масалан, бугун бирор ижтимоий тармоқда икки йирик давлат етакчисининг тез-тез айтишиб қолиши одатий тусга кирди. Айниқса, Эрон ва АҚШ мисолида бунинг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бири ўзига тегишли тармоқда, бошқаси эса Х’да бир йил давомида бир неча бор қисқа баёнотлар бериб, қора пиар орқали эътиборни жалб қиладиган пасткаш блогерлардан ўтиб тушмоқда. Бу жуда хунук ҳолат. Чунки уларнинг вазни ва даражаси бундай айтишишларга мос эмас. Дональд Трампни-ку тушунса бўлади. У шундай яралган. АҚШнинг амалдаги раҳбари 22 ёшли Гретадан тортиб, уни танқид қиладиган журналистлар ва расмини сал хунук чоп этган нашрларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, ҳозирча дунёнинг энг қудратли давлатини бошқараётганини бироз унутиб қўяди. Аммо юзини қарилик тўлиқ қоплаган нуроний Эронни дастлаб Президент, кейинчалик Олий раҳнамо сифатида бошқаришни бошлаганидан буён 8 нафар АҚШ Президентни кўрган Али Хоманаийнинг Трамп каби майдалашиши янада ғалати кўринади.

Тўғри, барча соҳалар замонга мослашиши, яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш фақат ва фақат фойдали. Лекин тармоқларда ҳадеб битта мавзу, яъни Эроннинг ядровий салоҳияти йўқ қилиндими, ёки аксинча экани ҳақида ўралашиш қанчалик тўғри, бу кузатувчиларнинг ўзига ҳавола. Ўтган кунлар давомида қария етакчилар яна шу масала атрофида баҳс-мунозарага киришиб кетди. Трамп ўз чиқишлари ва саҳифаларида айтган гапларига жавобан Оятуллоҳ Х’даги саҳифасида йиғиб-йиғиб жавоб қайтарди. Шу тариқа дунё хавфсизлик тизимида жуда муҳим ўрин тутган ядро сиёсати икки қария томонидан ижтимоий тармоқларда ҳал қилинмоқда. Бугун шу ҳақда қисқача тўхталамиз.

“Эроннинг ядровий салоҳияти йўқ қилинган”

Эрон ва Исроил ўртасида кечган 12 кунлик уруш якунида АҚШнинг аралашуви минтақада яна тўс-тополон бошланиши учун асос бўлиши мумкин эди. Эроннинг Натанз ва яна икки ҳудудда жойлашган ядровий иншоотларига берилган чуқур зарбалар оқибатида Теҳрон ядровий салоҳиятининг келажаги сўроқ остида қолди. Аммо орадан кўп ўтмай, сунъий йўлдош тасвирлари форслар АҚШ зарбaси эҳтимоли ҳақида гап-сўзлар урчиб, анча жиддийлашган пайтдаёқ бу ерлардан деярли ярим тонна юқори даражада бойитилган уранни олиб чиқиб кетганини кўрсатди. Халқаро кузатувчилар ва экспертлар ҳам Эрон уранни бой бермагани ва ҳали ҳануз ядро бомбаси яратиш имкониятини ўзида сақлаб қолгани ҳақида гапира бошлади. Буни Теҳроннинг ўзи ҳам ими-жимида тасдиқлаб келди. Натижада Эроннинг ядровий салоҳияти нари борса маълум муддатгагина ортга сурилгани маълум бўлди.

Бироқ ҳеч қачон мағлубият ёки муваффақиятсизликни тан олмайдиган Трамп бу ҳақиқатни қабул қилишни хоҳламади. Ўша пайтда мудофаа, ҳозир эса Уруш вазири деб айтилaдиган Пит Хегсет ва Трамп маъмуриятидаги бошқа мулозимлар ҳам бир хил навбатчи баёнотларга суянди. “АҚШ Эроннинг ядровий қўрол яратиш ҳаракатларини бир неча 10 йилликларга ортга сурди” деган гап расмий баёнотлардан тушмади. Дональд Трамп Оқ уйдаги матбуот анжуманларида, халқаро тадбирлардаги нутқларида, журналистлар билан турли жойлардаги интервьюларда ва тармоқлардаги саҳифаларида доимий тарзда Эроннинг ядровий имкониятларини йўқ қилгани ҳақида айтиб келди. У жорий йил октябрь бошида Кнессетда сўзлаган нутқида ҳам шу гапни такрорлади. Шундан сўнг, Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳам тилга кирди. Икки чол ёздаги 12 кунлик уруш тугаганда ҳам шунга ўхшаш даҳанаки жангга киришиб кетганди. Ўтган кунлар давомида улар ўртасида бўлган тармоқлардаги тўқнашув ўша баҳсларнинг мантиқий давоми бўлди.

Хоманаий Трампга: сен кимсан ўзи?

Трамп Исроил қилган сўнгги ташрифида Кнессетда нутқ сўзлаб, ҲАМАС масаласига нуқта қўйгандан сўнг Эрон билан шуғулланишини билдирганди. У Ғазода сулҳ кучга кирганидан кейин навбат Теҳрон билан ядровий келишув имзолашга келиши ва икки ўртада ўзига хос “Тинчлик битими” имзоланса, бу барча учун манфаатли бўлишини айтди. Аммо кўриб турибмизки, АҚШнинг амалдаги Президенти ҳокимиятга иккинчи бор келганидан буён ҳеч бир масалани тўлиқ ҳал қилгани йўқ. Трампнинг барча ишлари, жумладан, Россиянинг Украинaга босқинини тўхтатишдан то Ғазода тинчлик ўрнатишгача қилаётган барча ҳаракатлари чала кўриниш олмоқда. Унинг Украина масаласидаги ҳеч бир қадами ҳам олдинга силжимади. Ғазода ўрнатилган “кристалл тинчлик” эса парчаланишни бошлади. Исроил Мисрдаги оламшумул саммитдан кейин секторга яна минглаб тонна бомбалар ёғдирди. Энг қизиғи, у ҳозир Эрондан талаб қилаётган ядровий келишувни ҳам бундан 7 йил олдин ўзи бузган ва барча муаммоларнинг энг асосий сабабчиси ҳам унинг айнан ўзидир.

АҚШнинг ўзгарувчан ва ўтакетган иккиюзламачи сиёсатидан 40 йилдан буён яхши хабардор бўлган Оятуллоҳ Али Хоманаий эса Вашингтон билан музокаралар бефойда эканини кўп бор такрорлаб келди. Боз устига, Исроил билан уруш бошланмасдан олдинроқ Теҳрон бу масалага нисбатан ўз позициясини анчагина юмшатгaнди ҳам. Теҳрон ва Вашингтон жорий йил бошидан июнь ойига қадар ядровий дастур бўйича 5 марта турли нуқталарда музокаралар ўтказди. Музокараларда эса умид аввалдан паст эди. Чунки улар бу учрашувларнинг барчасини билвосита ўтказди. Яъни Эрон ва АҚШ вакиллари бир том остда бўлишига қарамай, турли хоналарда воситачилар орқали гаплашди. Бу ўтган йиллар давомида икки давлат ўртасидаги масофа анчагина узоқлашганидан далолат эди. Якунда эса бу ҳаракатлар зое кетди. Исроил Эронга ҳужум қилди. Бунга АҚШнинг ҳам қўшилиши эса келгусидаги музокараларга батамом якун ясади.

Эндиликда эса Хоманаий бундай келишувга киришдан расман бош тортди. Бундан ташқари, Эрон олий раҳбари Дональд Трампнинг Эроннинг ядровий салоҳиятини йўқ қилгани ҳақидаги баёнотини ҳам тасдиқламади. Хоманаий, Трампнинг устидан кулиб, унинг Эрон ядро саноатини йўқ қилгани ҳақидаги баёнотига жавобан: “У шундай деб ўйлашда ва орзу қилишда давом этaверсин”, деб таъкидлади. Оятуллоҳ тармоқлардаги баёнотлари қаторида яна кескин жумлаларни келтириб ўтди.

“АҚШ Президенти Эроннинг ядро саноати портлатилиб, йўқ қилингани билан фахрланмоқда. Хўш, қўйаверинг, шундай деб ўйласин! Сен кимсанки, қайси давлатга ядро саноатига эга бўлиш мумкин ёки мумкин эмаслигини белгилайсан?”, деган Эрон раҳнамоси.

Эрондан келишувдан расман чиқди

2015 йилда Эрон ва бир қатор йирик ўйинчилар ўртасида ядровий дастурга чекловлар жорий этиш эвазига Теҳронга қўйилган санкцияларни бекор қилиш бўйича кенг қамровли Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинганди. Бу ўша Трамп ҳар икки расмий баёнотидан бирига сўз очадиган ядровий келишувнинг ўзгинаси эди. Ўша пайтдаги Эрон Президенти Ҳасан Руҳонийнинг сай-ҳаракатлари ва унинг келишувчан сиёсати натижасида Эрон, Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Бритaния, Франция ва Германия ўртасида ўзаро битим имзоланиб, унинг мақсади Эронни ядровий қўрол яратишдан тўхтатиш эди. Бироқ 2018 йилда Дональд Трампнинг қарори билан АҚШ ўз-ўзидан битимдан чиқиб, санкцияларни қайта тиклади. Шундан сўнг, мазкур келишув амалда ўз кучини йўқотди. 2018 йилдан Эрон ва дунёнинг йирик давлатлари ўртасида имзоланган ушбу келишув тақдири жуда мужмал кўриниш олди.

Кейинги йилларда битимни қайта тиклашга бўлган уринишлар натижа бермади. Жорий йилнинг ёзида Эрон, Исроил ва АҚШ ўртасидаги кескинлик музокараларнинг барча имкониятларини ёпди. Июнь ойида Эрон парламенти МАГАТЭ билан ҳамкорликдан воз кечиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бунга жавобан эса Европа давлатлари БМТ санкцияларини “тезкор тиклаш механизми” орқали Эронга қаршилик қилиш йўлига ўтди. АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари бугун Эрон ядровий қўролга эга бўлмаслигини кафолатлайдиган янги келишув излаш пайига тушган. Аммо улар ҳозирча санкциялар қўллаш таҳдидидан наригига ўта олгани йўқ.

40 йилдан бери санкциялар билан яшаб келаётган форсларга бу чора таъсир қилмаслигини англаш учун Ғарбга яна қанча йиллар керак бўлади, буни айтиш қийин. Боз устига Теҳрон бундай музокаралар фақат АҚШ ҳарбий ҳаракатлардан бутунлай воз кечишига кафолат берилгандaгина бошланиши мумкинлигини таъкидламоқда. Шу тариқа, жараён ҳали музокара бошлаш учун шартларни келишиш масаласида қотиб қолган. Музокара бошланган тақдирда эса эронликлар ядровий салоҳият тинч мақсадларда ривожлантираётгани, атом бомбасига эга бўлиш эса уларнинг режасида йўқ эканини рўкач қилади. Буни улар Олий Раҳнамонинг фатвоси билан исботлашга уринади. Шу боис, Эрон билан ядровий келишувга эришишнинг истиқболи борган сари йўқолмоқда.
Жорий йил октябрь ойи ўрталарига келиб Эрон Ташқи ишлар вазирлиги 2015 йилги келишувнинг барча бандлари, шу жумладан, ядровий дастурга оид чекловлар ва улар билан боғлиқ механизмлар бекор қилинганини расман маълум қилди. Аслида 10 йилликни қамраб олган бу келишув октябрь бошида янгиланиши керак эди. Аммо Теҳрон келишувни узайтиришни олдиндан рад этди ва 28 сентябрь кунидан унга қўйилган санкциялар қайтадан кучга кирди. Бунгача эса БМТ Хавфсизлик кенгаши кўпчилик овоз билан Хитой ва Россия томонидан таклиф этилган ва Эронга қарши енгиллаштирилган санкциялар режимини 6 ойга узайтириш тўғрисидаги резолюцияни блоклаган эди. Орадан кўп ўтмай Эронга қарши Европа Иттифоқи томонидан жорий этилган санкциялар ҳам қайтадан амал қилишни бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Дональд Трамп БМТ Исроил Оқ уй Барак Обама Вашингтон Ғазо ҲАМАС Жоржа Мелони Сиёсат Муаммар Қаддафий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг